Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ташаббуси ва кўрсатмаси билан 2020-2021 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейини ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширилди.
Шу даврда Президент Администрацияси архиви, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон миллий архиви, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ва Ўзбекистон Фанлар академияси кутубхонаси, Федерация архиви ва қатор ташкилотларда изланишлар олиб борилиб, кўплаб тарихий манбалар тўпланди. Дебочасига музей концепцияси яратилиб, тажрибали тарихчи экспертлар хулосаси олинди. Пировардида у 4 та бўлимдан иборат бўлиши керак деган тўхтамга келинди.
Биринчи бўлим 1905-1924 йилларда Туркистон ўлкасида пайдо бўлган дастлабки касаба уюшмалари, уюшмалараро Тошкент шаҳар бюросининг тузилиши ва биринчи ўлка қурултойлари, касаба уюшмалари томонидан ўтказилган илк шанбаликлар, янги иқтисодий сиёсат даврида уларнинг фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Шунингдек, жадидчилик ҳаракатининг етук намояндаси Абдулла Авлонийнинг бу ташкилотлардаги фаолияти ҳам ёритилган.
Иккинчи бўлим Ўзбекистон касаба уюшмаларининг собиқ Иттифоқ давридаги фаолиятига бағишланган. Унда жамланган маълумотлар, тарихий ҳужжатлар ва фотосуратлар ушбу тузилмаларнинг халқ хўжалигини ривожлантириш билан боғлиқ фаолияти, қатағон қурбонига айланган фаоллари, фронтда жасорат кўрсатган ходимлари, халқимиз билан бирга фашизмни енгишга қўшган ҳиссаси, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тикланиш даври, Ўзбекистон касаба уюшмалари Республика ташкилотининг қайта ташкил этилиши ва биринчи конференциялари ҳақида ҳикоя қилади. Бўлим Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 1990 йил сентябрь ва 1991 йил март ойларида бўлган икки босқичли XIV қурултойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тузилгани хусусидаги материаллар билан якунланади.
1991-2015 йилларга дахдор учинчи бўлимда Мустақиллигимизнинг эълон қилиниши, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»га қонун қабул қилиниши, ушбу ташкилотларнинг чорак асрлик фаолияти ва шу даврда ўтказилган 6 та қурултойи, раислари ва улар бажарган ишлар ўз ифодасини топган. Шунингдек, унга касаба уюшмалари нашри – «Ishonch»нинг инфо-киоски ўрнатилган бўлиб, музей меҳмонлари бу газетанинг 1991 йилдан ҳозирга қадар бўлган электрон шаклдаги барча сонлари билан танишишлари мумкин. Федерациянинг 2004 йили таъсис этилган «Ehtirom» нишонининг 2013 йили тасдиқланган янги намунаси, 2011 йилда Вазирлар Маҳкамаси, ушбу Федерация ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувнинг асл нусхаси ҳам шу бўлимдан ўрин олган.
Тўртинчи бўлим «Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари» деб номланган. Бу ердаги манбалар Федерация ва унга аъзо ташкилотларнинг сўнгги олти йилда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича юритган самарали фаолиятига тааллуқли. Улар орасида янги таҳрирдаги «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Президентимизнинг «Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ҳам бор. Бундан ташқари, 2020 йилда ҳукумат, Федерация ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув ҳамда Федерациянинг VIII Қурултойи тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган. Ўзбекистон касаба уюшмалари раҳбарияти ва фаолларига чет эллик ҳамкорларлар томонидан берилган турли-туман эсдалик совғалари Федерация халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Музейда касаба уюшмалари фаолиятига бағишланган бир нечта қисқа метражли фильмлар, юзлаб фотосуратлар, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ташкил топган вақтидан то ҳозиргача бўлиб ўтган 24 та қурултойи, барча раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар йиғилган.
Музейимиз эндигина бир ёшга тўлган бўлса-да, муваффақиятли фаолият юритаяпти. Шу жараёнда фондининг электрон базасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаяпти. Натижада улар кун сайин янги-янги фотослайдлар, фотоҳужжатлар, ҳужжатли фильмлар, телефильмлар, ёзма ҳамда электрон шаклдаги расмий ва тарихий маълумотлар билан бойиб бормоқда.
Ҳозир музей фонди жами 1785 та экспонатдан иборат. Улардан 416 таси намойишга қўйилган, қолганлари коллекцияларга ажратилган ҳолда захирахонада сақланмоқда. Умумий ҳисобда барча экспонатларнинг 1452 таси электрон шаклда рўйхатга олинган. Шу асно ҳар бир экспонатнинг номи, қисқача тавсифи, сони ва ишланган материали, ўлчами ва ҳолати ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ҳамкорлигидаги фаолиятимиз натижаси ўлароқ, ўтган қисқа вақт мобайнида касаба уюшмаларининг мингдан ортиқ аъзолари, халқимизнинг турли қатлами вакиллари, фахрийлар, ўқувчилар, чет эллик меҳмонлар музейимизга ташриф буюриб, илиқ фикрлар билдиришди.
Бу янглиғ холис эътирофлар ва самимий тилаклар, турган гапки, бизни янада фаол ва самаралироқ меҳнат қилишга ундайди.
Ирисмуҳаммад АБДУКАРИМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
тарихи музейи директори



