Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида «Ватан манзумаси» деб аталган адабий-маърифий концерт дастури бўлиб ўтди
Очиғи, яқин орада бундай дастурни томоша қилмаган эдим. Ниҳоятда гўзал! Ундаги ранг-баранг чиқишларни таърифлашга сўз ожиз.
Халқ ва армия муштараклигини кўрсатиш, Ватанни улуғлаш, унинг муқаддаслигини тараннум этиш мақсад қилинган дастур том маънода диллардаги шу туйғуларни жўшдира олди.
Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри ижросидаги «Чорлов» куйи остида бошланган дастур Она юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шеърият дурдоналари билан файзланди.
Саҳнага саф тортиб кириб келган ҳарбийларнинг қиёфасидаги шиддат даврага салобат бағишлади. Тўра Сулаймоннинг шеъри айнан, улар ҳақида эди:
Ассалому алайкум,
бу элнинг ўғлонлари
Алпомиш, Мангуберди,
Гўрўғли султонлари.
Жонажон ўз халқининг
суянган Асқар тоғи,
Елкаси ер кўрмаган
не марди майдонлари.
Сўнгра ўзбек шеърияти даҳолари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг Ватан ҳақидаги шеърлари янгради. Бу халқимизга хос бўлган ўтганлар хотирасини қадрлашнинг ўзига хос бир тимсоли бўлди.
Онасини бошида кўтарган инсон юртини ҳам улуғлайди. Концерт дастурида оналарни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ва назм дурдоналари ҳам янгради. Рауф Парфининг «Она, мени уйғот», Йўлдош Эшбекнинг «Она дуоси» каби шеърлар марду майдонларнинг волидаларига бағишлангандек бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтаевнинг машҳур «Эй она» қўшиғи ўқилган шеърларга ҳамоҳанг кечди.
Оналар мадҳи садоқатли, ватанпарвар фарзандлар ҳақидаги куйларга уланди. Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова «Фарзандим – асал қандим» қўшиғи мавзуни янада тўлдирди.
Куй ва назм гулшанида юртга садоқат, ватан қадри, мустақилликни улуғлаш каби мавзуларда шеърлар жаранглади. Сирожиддин Саййиднинг «Ватан», Минҳожиддин Мирзонинг «Ватан надур?», Иқбол Мирзонинг «Ватанга қасамёд», Зулфия Мўминованинг «Ватанни севганлар», Зебо Мирзаеванинг «Кишан кийма» шеърларининг муаллифлар томонидан ўқилиши барчани мамнун қилди. Ижод оламига эндигина кириб келаётган ёшларнинг шеърлари ҳам тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди. Бу албатта, уларни янги ижодий парвозлар сари руҳлантирган бўлса, ажабмас.
– Мен бу анжуман учун либослар рассоми сифатида ишладим, – дейди дизайнер Севара Зуннунова. – Тўғриси, шу вақтгача жуда кўп тадбирларда иштирок этганман. Лекин бу галгиси қалбимда ўчмас из қолдирди. Мана бу мисраларга қаранг: «Қасам ичмайман, онт ичмайман, лекин юртим сендан воз кечмайман». Юракка етиб борадиган сўзлар-а? Умуман, анжуманда ўқилган ҳар бир шеър, айтилган ҳар бир қўшиқ жонажон Ватанимга бўлган меҳримни янада оширди.
Ҳарбий-ватанпарварлик ғояларига йўғрилган куй-қўшиқлар ёшлар қалбида юртига бўлган меҳр-муҳаббатини, унинг ривожига бўлган масъулиятни оширади. Адабий-маърифий кечада ҳарбийлар томонидан ижро этилган қўшиқлар айнан шу мақсадларга хизмат қилди. Жумладан, Қуролли кучлар, Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати қошидаги ансамбллар ижросидаги қўшиқлар бунга яққол мисол бўла олади. Курсантларнинг чиқишлари ҳам илиқ кутиб олинди.
– Ушбу тадбирни томоша қилган одам тинчлик энг бебаҳо неъмат эканини яна бир бор ҳис қилади, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов. – Шу билан бирга, осойишталикни сақлаш учун юртнинг ҳар бир фарзанди бирлашиши, Ватанга садоқатли бўлиши, Ватанни онани севгандек севиши, онани ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиши лозим ва шартлигини теран англаши шубҳасиз. Ота макон, она юртни ардоқлаш ва улуғлашга, уни кўз қорачиғидек асрашга ундовчи бундай адабий-маърифий кечалар вилоят ва туманлар, чекка қишлоқ ва овулларда ҳам ўзига хос тарзда ўтказилса, айни муддао бўларди.
– Бу кун ниҳоятда ажойиб ўтди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Фозил Фарҳод. – Кечада ватан, халқ, она мавзусидаги шеърлар ёш ижодкорлар томонидан тўлқинланиб ўқилди. Халқ таниган шоирлар эса ўз шеърларини баралла айтди. Санъаткорлар ушбу мавзуда жўшиб куйлади. Ҳарбийлар ҳам шеър айтди, қўшиқ айтди. Миллатни, халқни айнан мана шундай қўшиқлар, шеърлар жипслаштиради.
– «Мажолис ун-нафоис» бўлди, – дейди таниқли журналист Мақсуд Жонихонов. – «Онам билан кетмон чопган аёллар» қўшиғи айтилганда, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Ташкилотчиларга минг раҳмат!
Тадбир сўнггида Севара Назархон Муҳаммад Юсуфнинг «Улуғимсан, Ватаним» шеърига басталанган машҳур қўшиғини бутун зал жўрлигида ижро этди. Тадбир иштирокчиларининг барчасини бир буюк туйғу – Ватан туйғуси бирлаштирди.
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»



