Ўзбекистонда 5 ва ундан катта магнитудали зилзилалар кутилмаяпти – ФВВ

43

Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси 5 ва ундан катта бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмас.

Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ бугун, 6 февраль куни Туркияда содир бўлган зилзилалар ортидан аҳоли ўртасида юзага келган турли саросималарга жавобан маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, Туркия ҳудуди сейсмик фаол зонада жойлашган бўлиб, зилзилалар айнан мазкур сейсмоген зоналарда содир бўлмоқда.

ФВВ хабарига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда ФВВ ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида Сейсмик вазиятни баҳолаш ва келгусидаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси фаолият юритади. Мазкур Идоралараро эксперт комиссияси ҳар ҳафта бўйича Республика ва унга чегарадош ҳудудларда зилзила содир бўлиш эҳтимоллигини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолайди.

Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилади.

Юқорида қайд этилган хулоса ҳам Идоралараро эксперт комиссиясининг 2023 йил 3 февралдаги 5-сонли баёнида келтириб ўтилган.