Болалардаги кўринмас дард қандай пайдо бўлади?

124

Ревматолог – Юлдуз Тангибоева:  Оддий шамоллаш ёки томоқ оғриганда  яхши даволанмаслик – ревматизмга олиб келишини  ҳамма ҳам билавермайди.

 Совуқ кунларда  кўпчилик қатори болаларда ҳам шамоллаш ва томоқ оғриқлари кўп кузатилади. Уларни яхши даволамаслик кейинги босқичдаги касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкинлигини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Жумладан, болаларда учрайдиган ревматик касалликлар ҳам зах оқибатида ёки бўлмасам, оддий шамоллашни яхши бартараф этмаслик натижасида келиб чиқади. Кардиоревматолог Юлдуз Тангибаева  билан қилган бугунги мулоқотимиз худди шу мавзуда.

 — Юлдуз Шуҳратовна, ревматик касалликлар, жумладан, болалар орасида тез-тез учраб турадиган ревматизмнинг келиб чиқиши ҳақида гапириб берсангиз?

— Ревматологик касалликлар тизимли ҳасталик бўлиб, унинг замирида аутоиммун жараёнининг келиб чиқиши ётади. Яъни, инсон иммунитети ревматик касаллик оқибатида пайдо бўлган оқсилларни танадаги фойдали оқсиллардан фарқлай олмай қолади ва ўзига қарши ўзи кураша бошлайди. Буни турли омиллар келтириб чиқаради. Жумладан, генетик омиллар, захда, совуқда узоқ муддат қолиб кетиш, ёзда ҳарорати совуқ бўлган сувда чўмилиш натижасида ҳам бўғимларнинг шамоллаб қолиши ёки бўлмасам сурункали томоқ оғриғи  – тонзиллитни яхши даволамаслик натижасида ҳам келиб чиқади. Шифокор сифатида таҳлил қиладиган бўлсам, охирги пайтларда болалар орасида ревматизмга чалинишнинг кўп учраётган  сабабларидан бири сифатида томоқ оғриғи – сурункали  тонзиллитни яхши даволамасликни  кўрсатган бўлардим.

Стафилокок ва цтрептокок каби зарарли бактериялар  таъсирида кечадиган сурункали тонзиллитда вируслар ўзидан зарарли токсинлар ажратишни бошлайди. Ана шу зарарли токсинлар аввал суяк бўғимларида яллиғланиш ҳосил қилади. Бунда онда-сонда боланинг тиззаси, оёқлари оғриб қолиши мумкин. Ҳолат шундай  кечадики, ота-она унчалик ҳам эътибор бермаслиги мумкин. Чунки бола кўп юрганида, тепаликка кўтарилганида ёки одатдаги кунларда  айрим ҳоллардигина оёқ оғриғидан шикоят қилиб қолиши мумкин. Бунга кўпинча катталар одатий ҳол сифатида қараб, жиддий эътибор қилишмайди.  Ваҳоланки, бу тарзда юравериш натижасида жараён ривожланиб, у юрак бўлмачаси фаолиятига салбий таъсир қила бошлайди. Кўпинча ота-оналар ана шу юракда ўзгариш кузатилганидагина шифокорга бориб, лаборатор текширувлари топширишни бошлашади.

—  Шундай ҳолатда болаларни соғломлаштириш қандай кечади? Ревматизм ҳасталигини ва унинг асоратларини йўқотиш мумкинми?

— Агар ревматизмнинг бошланғич даражасида  шифокорга мурожаат қилинса, албатта бу касалликни тўла-тўкис бартараф этиш мумкин. Аввало, вирус ўчоғи бўлган томоқ соҳаси, оёқ, юрак аъзолари даволанади. Физиотерапевтик муолажалар қилинади. Бола вақти-вақти билан ҳар олти ойда муолажалар олиб туриши натижасида, бу касалликдан халос бўлади. Аммо касалликнинг кейинги 3-4-босқичларида мурожаат қилинса, унинг асоратларини, яъни бўғим ва юрак оғриқларини йўқотиш қийин кечади. Албатта, бунда иммун тизими, қувват, соғлом турмуш тарзи муҳим рол ўйнайди. Чунки кўпинча касаллик иммунитети паст, камқон, кўча-куйда тез тайёр бўлувчи енгил егуликлар билан  таомланишни одатга айлантирган болаларда кўп учрайди. Бундай дейишимнинг боиси шундаки,  ҳамма болалар ҳам баъзида ёки қачонлардир совуқда қолиб кетишига тўғри келиши мумкин. Масалан, ўртоқлари билан қорбўрон ўйнаб совқотиб қолиши, автобус бекатида узоқ кутиб қолиши натижасида оёғидан совуқ ўтиб кетиши мумкин. Шундай пайтларда боланинг иммунитети кучли бўлса, организм ноқулай шароитдан ҳам зарарсиз чиқа олади. Агар иммунитети паст ва камқон бўлса, шамоллаб қолиши ёки суяк ва бўғимларига шикаст етиши мумкин. Баъзида ёз мавсумида ҳам оқиб турган совуқ сувда кўп ва узоқ вақт чўмилиш натижасида болаларнинг бўғимлари шамоллаб қолади. Шу боис ревматизмни даволашда  боланинг умумий ҳолати лаборатор текширувлардан ўтказилгачгина, шифокор томонидан ташхис қўйилиб, муолажалар бошланади. Камқонликни даволамасдан, иммунитетни кўтармасдан туриб яхши натижага эришиб бўлмайди.

—  Ота-оналарга болаларни бўғим ва суяк касалликларига чалинишдан  асраш бўйича қандай маслаҳатларингиз бор?

 — Аввало ҳар бир ота-онадан фарзандига эътиборли бўлишни, оддий шамоллаш ёки томоқ оғриғи-ку демасдан, боладаги касалликни яхшилиб тузатишларини сўрайман. Оилада уларни тўғри турмуш тарзига – ўз вақтида овқатланиш, тозалик, дам олиш ва очиқ ҳавода бўлишга ўргатишимиз зарур.  Бадантарбия ва спортга ошно қилиш янада зарур. Чунки бундай болаларнинг қон айланиши яхши бўлади,  танаси чиниқади. Шу боис уларда шамоллаш касалликлари ҳам кам кузатилади.

Кўча-куйда тайёрланган енгил таомларнинг хавфи шундаки, аввало уларда кимёвий қўшимчалар кўп, қолаверса, қандай усулда пиширилгани, тозалик ва гигиенага амал қилинганми-йўқми, билмаймиз. Хот-дог, гамбургер, пица  ёки лаваш каби фаст-фудларни тайёрлаш жараёнида ҳам турли вируслар, зарарли бактериялар уни тайёрлаётган одамнинг қўлидан ўтиши, оқибатда бу егуликни истеъмол қилган  болага  ҳам юқиши  мумкин. Яна бир жиҳат, ҳозирги шароитда болаларга резина оёқ кийимлар кийдириш ҳолатлари кўп учрайди. Имкон қадар болаларга табиий чармдан тайёрланган оёқ кийим, табиий пахтадан тайёрланган пайпоқлар  кийдириш, оёғи терламаслигини таъминлаш зарур. Бундан ташқари, кичкинтойларнинг оёқ кийимидан сув ўтган-ўтмаганини ота-она текшириб туриши, уларнинг зах ёки совуқда қолиб кетишига йўл қўймаслиги керак.

Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди