Яхши кун саҳаридан, яхши йил баҳоридан билинар…

59

Зийнатга ҳам, қаҳрга ҳам бой фасл

Қирқ турли қиш бу сафар ҳам азалий ҳунарини кўрсатди. Кузнинг ўрнини эгаллагани ҳамоно қаҳр отига миниб, бутун борлиқни забтига олди. Кейин қўққисдан қитмирлиги тутиб, бирмунча мулойим тортди. Январь ойининг иккинчи ўн кунлигида эса яна эски қилиғини такрорлаб, аномал совуққа доялик қилди. Охир-оқибат, ­об-ҳаво юртимиз миқёсида кундузлари ўртача 5-7, тунлари 12-17 даражага қадар совиди. Йўлларда хавфли яхмалаклар, томлар пештоқларида катта-кичик сумалаклар пайдо бўлди.
Бешафқат аёз одамларни қийин аҳволга солиб қўйди. Сон-саноқсиз оилалар аъзоларини бир хонада тунаб, жон сақлашга, иссиқлик, газ ва электр токига зор бўлиб яшашга маҳкум этди. Шунинг баробарида, энергетика соҳасида мавжуд жиддий хато-камчиликлар бирин-сирин юзага қалқиб чиқди. Жумладан, мутасаддилар мавсумга бу сафар ҳам олдиндан пухта ҳозирлик кўришмагани, ўз вазифаларига масъулиятсизларча ёндашгани, Президентимиз афсус ила таъкидлаганидек, тизим ичидан емирилгани, унда коррупция авж олгани ўз-­ўзидан фош бўлди…
Хайриятки, қантар оғгандан кейин қиш шаштидан туша бошлади. Тўғри, ўтган ҳафта охирида сал жаҳли қўзиб, чор атрофни тағин оппоқ қор билан буркашга чоғланди-ю, журъати етмади. Энди кўклам нафаси уфураётганини, у билан беллашса, мағлуб бўлиши тайинлигини илғагандай, аҳдидан қайтди.
Ниҳоят, фасллар келинчаги саналмиш кўкламни кўнглимизда ниш урган минг бир инжа туйғулардан масрурланган ҳолда кутиб олдик.
Бироқ ҳали қувонишга андак эрта. Чунки қиш ҳозирча ҳукмронлик тахтидан бутунлай воз кечгани йўқ. Инчунин, хотиржамликка берилмаслигимиз, баҳор бошланиб, ҳаво илиганига алданмаслигимиз, машойихлар таъбири билан айтганда, гуппимиз қалин бўлса ҳам, қишдан қўрқишимиз, аёз ариди, дея зинҳор-базинҳор тўнимизни сотмаслигимиз керак!

«Қиш»га айланган «қис»

Шу ўринда бир савол туғилади: қулоққа чалинганидаёқ дилни сескантирувчи, этни жунжиктирувчи «қиш» сўзи қачон пайдо бўлган? У қайси тилдан олинган ва моҳиятан қандай маънони англатади?
Тарихий маълумотларга қараганда, аллазамонлар Марказий Осиё ҳудудида худди ҳозиргидек турли миллатга мансуб халқлар аҳил-иноқ яшашган. Улар дастлаб чорвачилик билан шуғулланишган. Илиқ-иссиқ мавсумларда молларини сарҳадлари уфқларга туташиб кетган бепоён чўлу биёбонларда, дашту далаларда, қир-адирлару тоғларда бемалол боқишган. Серсаховат ва баҳаво бу гўшаларни қозоқлар, қирғизлар, татарлар жой, жоюв, жойилиб, жайлов, жайма, ўзбеклар эса ёз, ёюв, ёйилма, яйлов, ёймоқ деганлар. Пировардида, якдил тўхтамга келиб, ўт-ўланлар барқ уриб ўсадиган, ноз-неъматлар ғарқ пишадиган, одамзод ва паррандаю даррандалар яйраб-яшнайдиган «гилами» кенг фаслни мухтасаргина қилиб, ёз деб атаганлар.
Совуқ кунлар бошлангач, ҳаммаёқни қор қоплаб, қаҳратон авжига чиққан. У кучайгани сайин тирикчилик ва чорвачилик имкониятлари торайган, рўзғорда тақчилликлар вужуд­­га келган. Кечагина истаган жойида қўним ­топган одамлар энди тор ўтовлару омонат кулбаларда тиқилиб яшашга мажбур бўлишган. Бундай дамларда ёшу қарини қишнинг тор ўчоғи ўзига тортган, уларнинг қўноғи ҳам, зиёфати ҳам олов бўлиб қолган. Ҳайвонот оламининг ҳам ризқ-насибаси қийилган. Қўй, эчки, от, туя ҳамда буғулардан иборат отар, сурув, йилқи ва уюр подалари баъзан совуқдан катта талафот кўрган.
Ана шу боис танглик ва қисилиб-қимтилишлар рўй берадиган мавсумни қозоқлар «қис» деб аташган. Бошқалар эса бу сўзни ўз тилларида «қиш» дея талаффуз қилишган. Алқисса, «қис» бора-бора «қиш»га айланган. Шундай эса-да, асрлар оша бизга етиб келган «Ёз – ёзил, қис – қисил», «Ёз – ёзилмоқ, қиш – қисилмоқ» каби мақолларда эски туркийча ушбу калиманинг асл шакли ва туб луғавий маъноси сақланиб қолган.

Аямажуз олти кун, қаҳр айласа, қаттиқ кун

Биз ўз наздимизда қиш 1 декабрдан 1 мартгача бўлган даврни қамраб олади, деб ўйлаймиз. У илмий жиҳатдан ҳам шартли равишда шундай белгиланган. Қадим-қадимда ўлкамизда умргузаронлик қилган аждодларимиз эса бу фасл дебочасини 13 декабрь, ниҳоясини 13 март деб ҳисоблашган ва унга «Тўқсон» номини беришган. Ҳар эҳтимолга қарши яна ўн кун қўшиб, «сад пок» ҳам де­йишган. Узоқ йиллик кузатишлари асноси аксарият йилларда «Тўқсон»нинг сўнг­­ги олти кунида қаттиқ совуқ тушиб, ер музлашини аниқлашган. Бу кунларни «Аямажуз» ёки «Шаша» (олти кун) деб аташган. Аямажуз ­арабча «айём» ва «ажуз» сўзларининг ўзаро қўшилиши – «айёми ажуз»дан ҳосил бўлган. Ўзбекчага ўгирсак, «кампир кунлари», рамзий маънода қишнинг охири дегани бўлади. Зеро, ушбу давр қишнинг супрақоқдиси бўлгани сабабли ёшини яшаган, ошини ошаган табаррук момоларга қиёсланган.
Баъзи манбаларда Аямажуз февралнинг адоғи ва мартнинг бошига тўғри келиши ва етти кундан иборат эканлиги эслатилган. Қандайлигидан қатъи назар, унинг ўзига хос ажиб тарихи бор. Шотурсун Шомақсудов ва Шуҳрат Шораҳмедовнинг «Маънолар махзани» китобида бунга далил сифатида буюк алломамиз Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асаридан иқтибос келтирилган. Унинг мухтасар мазмуни қуйидагича: шубот (февраль) ойи ниҳоясида бир ҳафталик «кампир кунлари» бўлади. Кабисали йилда унинг тўрт куни шуботга, уч куни озор (март)га, кабисали бўлмаган йилда уч куни шуботга, тўрт куни озорга тааллуқли ҳисобланади.
Кабиса йилини эса, ўзингиз яхши биласиз: у февраль ойи 29 кеча-кундуздан иборат, жами ойлар йиғиндиси 366 кунга тенг­лашадиган сана бўлиб, ҳар тўрт йилда бир марта такрорланади.
Ровийларнинг нақл қилишларича, ­Қуръони Каримнинг Ал-ҳаққа сураси олтинчи-еттинчи оятларида баён этилган даҳшатли воқеа айнан шу кезларда содир бўлган. Аллоҳ таоло қиёмат куни муқаррарлигига шак келтирган Од қавми устига пайдар-пай етти кечаю саккиз кунлик қутурган бўронни ҳоким қилиб қўйган. Қарабсизки, кучли ва совуқ шамол гирдобида қолган қавм аҳли қирилиб кетган. Фақат биттагина кампир тирик қолган ва ҳалок бўлганлар шаънига марсиялар айтиб йиғлаб юрган.
Бошқа фараз бўйича қиш адоғида ҳаво исигач, бир кекса аёл иссиқ кийимларини ечиб ташлаган. Ҳеч қанча ўтмай, тўсатдан тушган аёз туфайли жон таслим қилган. Тахминларга кўра, ота-боболаримиздан мерос қолган «Тўқсон, бир кунимча йўқсан!» деган гап ўша аёл тилидан айтилган. «Аямажуз олти кун, қаҳр айласа, қаттиқ кун», «Аямажуз олти кун, олти ой қишдан қаттиқ кун», «Аҳмон-даҳмон олти кун, қаҳрига олса, қаттиқ кун», «Ажум момо олти кун, сакангласа – саккиз кун, тўқангласа – тўққиз кун», «Ёзнинг пашшасидан эҳтиёт бўл, қишнинг шашасидан» сингари ўзаро уйқаш нақллар ҳам шу муносабат билан яратилган.

Сўнгсўз ўрнида

Юқорида тилга олинган далиллар ва билдирилган фикрларга таяниб хулоса чиқарадиган бўлсак, биз ҳадемай «Тўқсон»нинг гоҳида «ҳўкиз ўлдирар» даражада изғирин бўлиши эҳтимоли бор сўнгги ҳафтасини қаршилаймиз. У тугаб, етти кун ўтар-ўтмас, Наврўз келади. Наврўздан кейин эса ўта қаттиқ совуқ деярли бўлмайди. Негаки, Шамсий йилнинг биринчи ойи – Ҳамал киради. Бу вақтда қиш уйқусини бутунлай тарк этган табиат аста-секин чирой очади. Кузда учиб кетган қушлар ­диёримизга қайтиб, шох-шаббалари шипшийдон дарахтлар куртак отади, экинлар жадал амал олиб, гуллар хушбўй атрини сочади. Бутун борлиқда уйғониш ва яшариш жараё­­ни авж олади. Демак, юртимизда ҳақиқий кўклам бошланади. Уни соғинган одамларнинг юзида шукроналик ҳисси балқийди, дилида ва жисмида ўзгача куч-ғайрат жўш уради.
Барчамизга баҳор айёми қутлуғ бўлсин, ҳар биримизга шундай фараҳбахш кунларнинг кўпини кўриш насиб этсин, азиз дўстлар!..

Абдунаби ҲАЙДАРОВ