Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди

27

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Ўзбекистон билан давлатлар ўртасидаги чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати маълум қилди. 

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги битим 2022 йилнинг 22 декабрида Тошкентда имзоланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг бошланғич нуқтаси Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ жойи, чегара чизиғининг якуний нуқтаси эса Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларининг туташган жойи ҳисобланади.

Битим узунлиги 2 356 км бўлган Давлат чегарасининг демаркацияланган чизиғини чегара белгилари билан белгилашни назарда тутади. Қайд этилишича, давлат чегаралари чизиғининг ўтиши, чегара белгиларининг жойлашиши, уларнинг геодезик координаталари, баландлик белгилари ва ҳар бир чегара белгисининг бошқа маълумотлари Битим иловасида акс эттирилади ва кўрсатилади.

Битимнинг алоҳида иловасида чегарадаги Келес ва Сирдарё дарёларида жойлашган оролларнинг мансублиги ҳамда координаталари ва майдони акс эттирилган.