Шукрона
– Аяжон, бугун ишга бормайсизми?
– Йўқ, болажоним, бугун дам олишку.
– Урааа!!!
5 ёшли ўғлим жажжи қўлчалари билан бўйнимдан маҳкам қучоқлайди. Одатда дам олиш кунлари у билан парклар, ўйингоҳлар, шаҳарнинг энг чиройли масканларига айланишга борамиз. Дунёнинг бошқа бир бурчагида эса гўдаклар қорни тўйиб овқатланолмайдилар… Боламни бағримга босганча унинг тақдири учун шукрлар айтаман…
Кўчага отланарканмиз, онам ортимиздан дуо қилиб қолади:
– Яхши айланиб келинглар, болаларим. Оллоҳ ёр бўлсин!…
Дунёда эса бугун қанча оналар фарзандларининг йўлларига, эшикдан соғ-омон кириб келишига кўз тикиб ўтиришибди…
– Хўш, қаерга борамиз, ўғлим?
– Лунапаркка!
– У ерга яқинда бордикку. Кел, бугун сени Амир Темур хиёбонига олиб бораман.
– У ер қанақа жой?
– Жуда чиройли. Сенга ёқади…
Хиёбонни айланар эканмиз, кўз олдимда бошқа бир мамлакатлардаги харобага айланган гўшалар, сув остида қолган масканлар гавдаланади…
Қўнғироқ бўлади:
– Ўртоқжон, бугун ифторликка чақирилганмиз, эсингиздами?
– Хая, биз шу атрофдамиз, айланиб юрибмиз.
– Сизларни ўзим билан олиб кетаман унда.
Дугонам машинасида дарров етиб келади. Кўп таниш қизлар, ҳамкасбларим машина ҳайдашади. Бошқа бир мамлакатда эса қиз-жувонлар шунчаки рўмолини бошқача ўрагани учун терговга олиб кетилмоқда, қанчадан-қанча қизлар мажбуран турмушга узатилиб, болалик бахтидан жудо этилмоқда…
Уйга қайтар эканмиз, ҳаёлан янги мақола учун мавзу ўйлайман, эртагалик иш кунига ҳозирлик кўраман. Дунёнинг бошқа бир четида эса аёллар ишлашдан, ҳатто таълим олишдан маҳрум…
Бизлар эса бугунимиздан мамнун, эртамиздан хотиржаммиз. Кунни яхши амаллар режаси билан бошлаймиз. Фарзандларимиз келажагидан ҳавотиримиз йўқ. Яқинларимиз саломат, оналаримизнинг қўллари дуода… Шу боис ҳар оқшом шукроналик билан уйқуга кетамиз, ҳар тонг минг шукрлар билан уйғонамиз. Бу эса инсонлар учун энг олий саодатдир!
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
Ishonch.uz



