Мисрдан жўнатилган гепатитга қарши дори воситаларининг дастлабки партияси етиб келди

32

Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган С гепатитига қарши “Даклатасвир” дори воситасининг дастлабки партияси Ўзбекистонга етиб келди.

Мазкур юк Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусологияда ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида аввал эришилган келишувлар натижаси экани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Миср соғлиқни сақлаш идоралари 2023-2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,8 миллион долларлик жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини юртимизга бепул етказиб бериш бўйича келишувга эришган.

Умумий қиймати 35 минг АҚШ долларини ташкил этган ластлабки партиядаги 17 минг қутидан ортиқ “Даклатасвир” дори воситаси Ўзбекистон ССВ ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморлар учун ишлатилади.