Бу ерда ётибди фидойи Ватан…

86

 

Хотира ва қадрлаш куни  чинакам миллий  байрамдир

 

Оҳиста ўтинг, бошингиздан олинг кийимингизни,

Бу ерда алпларга, ботирларга тенг

Жангчилар ётибди қўрғаган бизни

Фашист сиртмоғидан асраб қолганлар.

Бу ерда ётибди фидойи Ватан,

Ватан биносига асос солганлар…

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари эрта тонгдан “Биродарлик қабристони” майдонига кириб борар экан, беихтиёр ушбу мисралар ҳаёлдан ўтди. Маҳзун она ҳайкали атрофида аллақачон одамлар гавжум. Ёшу қари қўлларида гул, яқинларининг суратларини тутганча ўйчан ва ним табассум билан ҳайкал томон юриб боришади. Уларга қараб, юртимизда ўтганларни хотирлаш, уларнинг жасоратлари, хайрли амалларини ёд этиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан эканини яна бир ҳис қиламиз.

Федерация вакиллари ҳам ҳайкал пойига гулчамбар қўйиб, тинчликнинг қадрига етиш зарурлигини,  9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида  инсонга бўлган эътибор, ҳар қандай эзгу амал унутилмаслиги, Ватан учун жон фидо қилганлар қалбларда адабий яшашини  дилдан ўтказишди.

– Бу кун нафақат юртмизда, балки бутун МДҲ давлатларида чуқур ҳис- ҳаяжон билан кутиб олинади, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – Тинч-осуда кунларга етишимизда  ота-боболаримиз матонати улкан аҳамият касб этган. Улар Иккинчи жаҳон урушида  жасорат кўрсатиб, бугунги тинч осмон остидаги ҳаётимизга сабабчи бўлишган

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистонда ота-боболар хотирасини абадийлаштириш, хурмат кўрсатишга катта эътибор қаратиляпти. “Ғалаба боғи” ининг барпо этилиши, Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, нафақат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, балки юрт учун  хизмат қилган ҳар бир инсон хотирасига ҳурмат кўрсатилаётгани фикримиз далилидир.

Федерация вакилларининг кейинги манзили – “Ғалаба боғи” бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг мудҳиш ҳодиса сифатида тилга олинади. Баъзи маълумотларга кўра, жами 85 миллионгача инсонлар умрига зомин бўлган бу бешафқат, худкуш уруш беҳисоб йўқотишларга, вайронагарчилик ва қаҳатчиликка олиб келган. Мардлик ва жасорат билан курашган чинакам халқларнинг матонати туфайли эзгулик ғалаба қозонган. Тараққийпарвар инсоният қатори Ўзбекистон халқи ҳам Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Манбаларга кўра, 1951 мингга яқин ватандошимиз бу урушга сафарбар этилган.  Шунингдек, 200 мингдан зиёд ўзбекистонлик аскар ва офицерлар жанг майдонларида кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган. Оловли йилларда 7 ёшдан70 ёшгача бўлган юртдошларимиз фронт ортида меҳнат қилди. Бутун халқимиз ҳамма нарса фронт учун, “Ҳамма нарса Ғалаба учун” деб яшади. Майдонда юриб борар экансиз,  ота-боболаримиз, момоларимизнинг ана шу даврдаги ҳаёти, тарих кўз олдингизда яқол гавдаланади.

– Бобом Сойибжон Ғойибназаров ҳам Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. У киши 9 май санасида туғилгани учун оиламизда бу сана алоҳида нишонланиб келинган. Бобом бизга уруш хотираларини кўп гапириб берарди.  Визиллаб учаётган миналар, окоплар қазишлари, пойи пиёда неча кунлаб йўл юришгани, ғалабага бўлан иштиёқ,  қаҳрамон сифатида юлдузни кўксига таққанлари… уларнинг ҳаммаси қалбимизда. Мен бобом билан фахрланаман,- дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Ғойибназарова

Федерация вакиллари Хотира майдонида ҳам бўлиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди. Бугунги тинч ва осуда кунлар учун жонини фидо қилганлар хотираси  яна бир бор ёдга олинди.

 

Хотира муқаддас, хотира азиз. Бу кунда нафақат ўтганларни эслаш, балки тирикларни ҳам ёдга олиш қарзимиздир. Бу кун ёнимиздаги инсонлар – ота-онамиз, ака-ука, қон-қариндошлар, ҳамкасблар, қўни-қўшниларни қадрлаш зарурлигини эсга солади, бу ҳақда ўйга толдиради.

 

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА

ishonch.uz