Ёшларни ҳам ўқитиб, ҳам ишли қилишга кўмаклашаётган тадбиркор

63

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” га Хоразмда қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

 – Жамиятнинг  IT соҳасига эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда. Эндиликда ҳеч бир корхона, ташкилот, муассаса келажагини IT сиз тасаввур қилиб бўлмайди. Математиклар юрти бўлмиш Хоразмда бу борада билим олишга эҳтиёж ниҳоятда катта. Ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда 2019 йилда IT парк ташкил қилдим, – дейди Хоразмдаги “DATA UNION” МЧЖ раҳбари Шаҳзод Собиров. – Шу пайтга қадар 3000 дан зиёд ёшларга таълим бердик. Уларнинг 1200 дан зиёдини иш билан таъминладик.

Йилига 5000 ўқувчини ўқитиш имконига эгамиз. Буларнинг барчасига Ўзсаноатқурилишбанк кўмагида эришдик. Қолверса, IT соҳасидаги тадбиркорлар 2028 йилга қадар солиқ имтиёзига эгалиги туфайли даромадимизни фаолиятимизни кенгайтиришга сарфлаяпмиз. Мамлакатимизда мен каби 1500 дан зиёд тадбиркор бу имтиёздан фойдаланмоқда.
Шаҳзод Собиров Хоразм ёшлари орасида иқтидорли ижодкор, кучли мотиватор сифатида машҳур.  Ўқув марказининг қисқа фурсатда оммалашишида балки ушбу машҳурликнинг ҳам ҳиссаси бордир. Асосийси, бу ерда таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Шаҳзоднинг айтишича, дастлаб бу ерда асосан 25-35 ёшлилар таълим олган бўлса, эндиликда 15-25 ёшдагилар кўпчиликни ташкил қилади.

– Дастлаб дастурлаш билан шуғулланишни  ният қилганмиз. Ўқув курсини очишдан мақсадимиз ўзимиз учун мутахассислар тайёрлаш эди. Бироқ, бир неча марта тайёрлаган мутахассисларимизни бошқалар биздан олдин илиб кетгач, фокусимизни ўзгартирдик, марказимиз фаолиятини кенгайтирдик. Дастлаб, 10 та компьютер билан иш бошлаган эдик. Кейинчалик 50 та иш ўрни яратдик, 200 дан зиёд замонавий компьютер технологияларига эга бўлдик, марказ биносини дунё стандартлари асосида жиҳозладик, – дейди Шаҳзод Собиров.
Ўқув марказида ёшларга замонавий ахборот технологиялари, web дастурлаш, компьютер дастурлаш, графика дизайни, видеомонтаж, архитектура, бухгалтерия ҳисоби ва инглиз тили йўналишларида таълим берилмоқда. Курслар 2 ойдан 7 ойгача давом этиб, ушбу муддатда ўқувчилар бепул интернет ва ўқув қуроллари билан таъминланмоқда.

Битирувчиларнинг аксарияти ҳукуматимиз қарори асосида тақдим этилаётган фоизсиз истеъмол кредити ҳисобига компьютер жиҳозлари харид қилиб, ўз мустақил фаолиятини юритмоқда.

Марказда бандликка кўмаклашув хизмати ҳам мавжуд. Бунда битирувчилар орасида ишсизлар рўйхати  шакллантирилиб, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашилади.

– Бир қўлинг хайрда бўлсин, дейди доно халқимиз. Биз ҳам Хоразм вилоятидаги имконияти чекланган ва вақтинчалик ишсиз ёшларга IT билим ва кўникмалар бериб, онлайн тарзда фриланс (“freelancer”) сифатида фаолият олиб боришига амалий ёрдам кўрсатиб келяпмиз.  Ўтган даврда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 220 нафар ана шундай даражадаги ёшни бепул ўқитдик. Эндиликдаги мақсадимиз чекка ҳудудлардаги ёшлар ва кам даромадли оила фарзандлари учун сифатли онлайн ўқув машғулотларини ташкиллаштиришга қаратилган. Бу билан марказ ўзи учун янги харидорлар сегментини яратади.
Ўқув маркази Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда ребрендинг ўтказган. Бунинг учун ЕТТБ томонидан 87 млн. сўм грант ажратилган. Жорий йил якунига қадар хорижлик экспертлар гуруҳи билан DATA брендини франшизага олиб чиқиш режалаштирилган.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
“Ishonch.uz”