Хитойнинг Шаньси провинциясида ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар вакилларининг камбағалликни қисқартириш, фаровон ҳаёт билан таъминлаш масалаларига бағишланган форуми иш бошлади. Форумда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги делегацияси ҳам қатнашяпти.
Қўчқоров ялпи йиғилишда сўзга чиқиб, форумнинг бугунги кундаги аҳамиятини таъкидлаб ўтди. У, шунингдек, Ўзбекистон томонининг амалий таклифларини ҳам етказган.
– Камбағалликни қисқартириш тажрибаси Хитойда орттирилган ва бугун барча мамлакатларга таклиф этилаётган бўлсада, ҳар бир давлат уни бойитиб боряпти. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилма яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, кичик бизнес юритиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳатто ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси институти ташкил этилди. Шунинг учун ҳам ШҲТ қошида камбағалликни қисқартириш тажрибасини таҳлил ва тарғиб қилувчи доимий фаолият кўрсатадиган қўмита тузишни таклиф этаман, – деган Қўчқоров.
Форум иши давом этмоқда.



