Суд иши – ғоят масъулиятли жараён. Унга тақдим этиладиган ҳар бир маълумот ёки далил инсоннинг кейинги ҳаётини ҳал қилиши мумкин. Шу боис суд ишларининг холис ва адолатли ўтишида суд таҳлиллари муҳим аҳамият касб этади.
Бугун ДНК текширувлари натижасида жиноятлар тез очилмоқда. Можароли фуқаролик-суд ишларида, айниқса, оталикни аниқлашда ДНК текширувлари ёрдамга келмоқда.
“Фарзандини ДНК текширувидан ўтказармиш” деган гаплар қулоғимизга қанчалик ғайриоддий эшитилмасин, бу суд амалиётининг бир бўлагига айланиб улгурди. Шахсни аниқлаш текширувлари билан нафақат қотилликлар, балки иқтисодий жиноятлар ҳам очилмоқда.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги республика суд-экспертизаси марказининг етакчи давлат суд эксперти Баҳодир Аҳмедов билан ана шу мавзуларда суҳбатлашдик.
Интервью олиш асносида марказ биносида, бевосита ашёвий далиллар сақланадиган хонада бўлдим. Очиғини айтаман, эксперт бўлиб ишлаш учун жуда катта юрак ва матонат зарур экан. Сабаби, унинг иш қуроллари инсон танасидир.
— Айтинг-чи, Ўзбекистонда суд-экспертиза фаолияти қачондан йўлга қўйилган? Қолаверса, ДНК тушунчасига ҳам изоҳ бериб ўтсангиз.
— Мамлакатимизда бу соҳа 2000 йилгача деярли ривожланмаган. Ўша йиллари турли қотилликларни содир этган шахсларни аниқлаш учун профессионал экспертиза таҳлилига талаб ошди. Шундан сўнг суд-экспертиза соҳасида илк қадамлар қўйилди ва Адлия вазирлиги қошида ушбу марказ очилди. Лабораториянинг раҳбари этиб ташаббускор генетик олим, биология фанлари номзоди Аброр Икромов тайинланди. Унинг раҳбарлигида 2000 йилнинг сентябрида Марказий Осиёда илк бор яқин қариндошликни аниқлашга ҳамда шахс идентификацияси билан боғлиқ бир қанча экспертизалар ўтказилди.
Лаборатория генетик тадқиқотлар асосида жиноят содир этилган жойда аниқланган биологик излар (қон, сўлак, маний доғлари) ва биологик материаллар, соч, суяк қолдиқлари, таниб бўлмас ҳолга келган тана қолдиқларини солиштирма-қиёсий таҳлил асосида айнан кимга тегишли эканини аниқлайди; генетик тадқиқотлар орқали яқин қон-қариндошликни белгилайди. Бундай экспертиза асосан фуқаролик ишлари бўйича ўтказилади. Тадқиқотлар натижасида гумонда бўлган шахсларнинг биологик ота ёки оналиги қатъий аниқланади. ДНК атамаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу (ДНК — дезоксирибонуклеин кислотаси) соҳа барча организмлар, жумладан, бактерия ва вирусларнинг ҳар томонлама таҳлили, инсонларнинг ирсий таҳлили ва бошқа генетик тадқиқотларни олиб боради. Бундан ташқари, бугунги кунда ДНКни кўпдан-кўп соҳа ва тармоқлар «ичи»га кирадиган катта институт деса ҳам бўлади.
— Келинг, одам ДНК экспертизаси ҳақида суҳбатлашсак…
— ДНК экспертизаси икки хил бўлади. Биринчиси, асосан жиноий йўналишда – қотилликни очишда, иккинчиси – фуқаролик ишларида оталик ёки оналикни аниқлашда ишлатилади. Жиноятни очишда экспертлар воқеа жойидан биологик материаллар – яъни, қон, сўлак, соч толаси, суяк, ҳомила ёки инсоннинг бошқа аъзоларидан экспертиза учун намуна олинади. Фуқаролик ишларида фақат қон ва сўлак керак бўлади. Жиноят содир бўлган манзилда билогик матераллар кўп ва мураккаб бўлса, бизнинг ёрдамимиз зарур бўлса, намуналар олишга, ажратишга борамиз. Бошқа пайт экспертиза учун терговчилар тақдим этган намуналар асосида шахсга аниқлик киритамиз.
— ДНК маълумотлари нотўғри чиқиши мумкинми? Мижозга берилаётган маълумотнинг юз фоиз аниқлигига кафолат борми?
— Бутун дунёда ДНК таҳлили энг ишончли таҳлил ҳисобланади. ДНК экспертизасини ўтказиш учун нодавлат суд экспертиза муассасалари ISО 17025 халқаро стандарти бўйича аккредитациядан ўтиши ва махсус лизензияга эга бўлиши шарт. Чет эл судлари ишларни кўриб чиқиш жараёнида ДНК экспертизаси хулосасига баҳо берар экан, биринчи навбатда, лаборатория аккредитациядан ўтган ёки ўтмаганига аҳамият қаратади.
Биз Ўрта Осиёда (Қозоғистондан ташқари) суд экспертизасига эга бўлган ягона давлатмиз. Экспертиза соҳасида билими кучли мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади. Билим билан биргаликда виждонли инсон бўлиш лозим. Сабаби, биз тақдим этган таҳлиллар, маълумотлар инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳеч бир эксперт йиллар давомида мисқоллаб топган обрўсини нотўғри хулоса тақдим этиб тўкишни истамайди. Яна бир ҳолат борки, суд қайта текширувни талаб қилса, ишни бу гал бошқа экспертга топширади.
ДНК натижалари эълон қилинаётган вақтда 99,99 фоиз тарзида кўрсатилади. Таҳлил ўтказилганда, халқаро талабларга кўра, биологик ота-оналикнинг эҳтимоллик даражаси 99,99 фоиздан кам бўлмаса, оталик(оналик)ни тасдиқлашга асос бўлади.
Нима сабабдан 100 фоиз оталик (оналик)ни тасдиқлаш мумкин эмас, деган саволга соҳа мутахассислари томонидан қуйи¬дагича изоҳ берилади. Ҳар бир одамнинг бир тухумдан ривожланган эгизаги бўлиш эҳтимоли мавжудлигини инкор қилиб бўлмайди. Бир тухумдан ривожланган эгизаклар ДНКси айнан бир хил бўлади. Бундай ҳолларда эгизаклардан айнан қайси бири текширилаётган боланинг биологик отаси эканини аниқлашнинг иложи бўлмайди. Айнан шу нуқтаи назардан, ДНК таҳлили асосида аниқланган оталик эҳтимоллик даражаси 100 фоиз деб аталмайди. Аммо бу хатоликка ўрин қолмайди. 99,99 фоиз асос билан оталик аниқлаштириб берилади.
— Соҳангизда қандай кутилмаган воқеалар бўлиб туради?
— Бизда гоҳида иш юзасидан баъзи бир оилавий сирлар ҳам ошкор бўлади. Ўтган йили Тошкент вилоятидаги қайнона Россияда юрган ўғлининг аёлидан шубҳа қилган. Кўрсатмада келин ўзини шунақа “фариштадек” тутиб, ариза ёзганки, ўқиб, келиндан шубҳа қилмадим. Сабаби, фаолиятим давомида алимент тўламаслик учун энг қинғир ишларга рози бўлган “оталарни” ҳам кўрганман. Қайнона ҳам шу тоифадан бўлса керак деб ўйлаганман. Бизга тақдим этилган ашёвий далиллар асосида экспертиза ўтказганмиз. Натижадан ҳайратга тушганман, қайнонанинг шубҳалари тўғри бўлиб чиққан. Келин ҳақиқатан бегона эркак билан муносабатда бўлган.
Фаолиятим давомида яқинда яна бир ҳолат бўлди. Фуқаролик ишлари судидан оталикни аниқлаш учун экспертиза тайинланди. Даъвогар келди ва экспертиза учун сўлак топшираман деди. Кўндик. Энди махсус мослама орқали сўлак оламиз деганимизда, сув ичиб келай деб ташқарига чиқди ва бироз ўтиб кирди ва биз сўлак олдик. Экспертизани бошлаган пайтимизда чиққан натижадан ҳайратда қолдик. Ашёвий далилда ифлошланиш, яъни сўлак икки хил одамникини кўрсатаётганди. Фаолиятимиз давомида бу биринчиси эди. Алиментдан қочган ота, ташқарига чиқиб, оғзига ўзи билан келган одамнинг сўлагини олиб кирган экан. Экспертизани тўхтатдик ва масъул органга қайта экспертиза ўтказиш учун хат чиқардик. Кейинги сафар келганида қонидан анализ олдик. ДНК тасдиқланди, боланинг отаси ўзи экан.
Шундан кейин ўзимиз учун хулоса чиқардикки, ҳатто бегона сўлакни ҳам оғизда олиб кириш мумкин экан, энг яхшиси, қон анализи экан деган қарорга келдик.
—2018 йилда Қозоғистонда рўй берган фалокат туфайли автобусда ёниб кетган 53 нафар ватандошларимизнинг шахсини аниқлаш ишларини сизлар олиб борган экансиз. Агар сир бўлмаса, ўша жараён қандай кечган?
— Қозоғистон Республикаси Оқтўба шаҳри яқинида содир бўлган автобус ёнғини натижасида кўплаб ўзбекистонлик фуқаролар ҳалок бўлганди. Ўша куниёқ бизга мурдаларнинг ДНК таҳлилини ўтказиш юклатилди. Ҳарбий самолётда кечаси 23:00 атрофида Тошкентга олиб келишди. Мурдаларнинг аҳволи шу даражада эдики, ходимларимиздан ҳеч ким таҳлил учун мурдадан бўлак олиб келишга жазм этолмади. Охири қуръа ташлаймиз деб турганимизда, жасур бир қизимиз мен бориб олиб келаман деди. Битта ўзи бир неча соат давомида таҳлил учун намуна олди. Туну кун ишлаб, икки кунда барча ватандошларимизнинг шахсига аниқлик киритдик. Ҳаётимиздаги энг оғир ўтган иш кунимиз бўлганди бу кун. Натижаларни чиқариб, расмийлаштириб берганимиздан сўнг елкамиздан тоғ ағдарилгандек бўлган. Эндигина иш бошлаган йигитимиз бор эди. Худди фронтга бориб келгандек бўлдим, деганди у. Бир оиладан ота, ўғил, ака-укалар ҳам борлиги бизни ниҳоятда қайғуга солган. Туну кун ишлаб, терговга 53 нафар ватандошимизнинг шахсини маълум қилганмиз. Тергов бизга 53-шахсни ҳам аниқлашни топширган эди. 53-шахс ёнғиннинг энг марказида бўлгани учун деярли бутун жойи қолмаган экан. Шундай бўлса-да, Аллоҳнинг мўъжизаси билан омон қолган тана қисмининг бўлагидан шахсига аниқлик киритганмиз.
Гоҳида бизга берилган намуналардан ДНК хулосасини аниқ тақдим этиш имкони бўлмайди. Воқеа жойини синчиклаб текширишга тўғри келади. Афсуски, воқеа жойига чиқишга бизнинг ваколатимиз йўқ. Биз суд тақдим этган материаллар асосида фаолият олиб борамиз. Жиноятларни очишда оз бўлсада, ҳиссамизни қўша олсак, бундан фақат хурсанд бўламиз. Яна бир йили эса Чирчиқда ўта оғир жиноят содир этилган. Унда бир оиланинг ҳамма аъзоси ўлдириб кетилган. Уйда қолган қон доғларини ДНК бўйича текширганимизда, оила аъзоларига тегишли бўлмаган бегона қон топилган. Шу қон орқали жиноятчи аниқланган.
— Аёлнинг ҳомиладорлик чоғида ҳам ДНК ўтказиш мумкинми? Ўзи бу таҳлил неча ёшдан бошлаб ўтказилади?
— Бу ҳомилага катта хавф туғдиради. Шу боис бола туғилганидан сўнг, ота-онасининг розилиги билан боладан қон ёки сўлак олиб, ДНК таҳлилини ўтказамиз.
— Маълумки, судда ДНК текширувига эҳтиёж бўлса, суд қарори билан бу амалиёт текинга ўтказилади. Суд иштирокисиз таҳлилни ўтказиш нархи қанча?
— Нархлар экспертиза учун тақдим этиладиган материалларга боғлиқ. 1-5 та намуна 3 млн. 30 минг, 5-10 та бўлса, 6 млн. 60 минг, биологик материаллар 10-15 бўлса, 9 млн. 242 минг сўм бўлади. Жиноят ишлари билан боғлиқ экспертиза бепул амалга оширилади.
Суд қарори билан амалиёт текинга ўтказилмайди. Ҳозирда жиноят ишлари бўйича ҳам экспертиза ҳаражатлари айбдордан ундирилади. Экспертиза нархи объектлар тури, сони ва ҳал қилинаётган масалалар сонидан келиб чиқиб белгиланади.
— ДНК текшируви қанча вақт талаб қилади?
— Иш ҳажмига боғлиқ. Агар билогик материаллар тўлиқ бўлса, 2-3 кунда ҳам натижага эришиш мумкин. Мураккаб экспертизалар анча вақтни талаб қилади. Баъзи бир ҳолатларда 30 кун ҳам етмайди. Экспертиза тайинлаган тегишли органларга муддат тугашига уч кун қолганда хат билан чиқамиз ва қўшимча вақтни белгилаб оламиз.
— Соч толасидан ҳам ДНК ўтказиш мумкинми?
— Бу учун соч толаси илдизи билан олинган бўлиши керак. Ўртасидан кесилган сочлар экспертиза учун яроқсиз ҳисобланади.
— Соҳангизнинг қийин жиҳатлари нимада?
— Катта масъулият ҳамда жавобгарлик. Масъулият – виждонингиз олдида поклигингиз, қонун олдида жавобгарлигингиз. Чунки биз берган хулосалар тақдирларни ўзгартириб юбориши мумкин. Судда доим икки томон бўлади ва натижамиздан бир томон доим норози бўлади. Хулоса кимнидир жазодан қутқариб қолса, кимдир қилмиши учун жавоб беради. Ҳар бир эксперт таҳлилларни хато қилмадиммикан деган ўй билан расмийлаштиради. Шубҳа бўлса, яна қайта текширамиз. Қолаверса, лаборатория бўлими мудири, сифат менежменти, раҳбар ўринбосари ва раҳбар таҳлилларни синчковлик билан кузатади. Уларнинг берган хулосаларисиз эксперт ишни расмийлаштира олмайди.
Эксперт турли-туман жиноятларга, қотилликларга гувоҳ бўлавергани учун ишдан ташқарида ҳам касб касали билан яшайди. Ҳаммадан шубҳа қилади. Фарзандларим, оилам ҳақида доим қайғураман. Озгина кечикса ҳам хавотирга тушаман. Биз сиз ва бошқалар оддий одамлар каби яшолмаймиз. Қўрқув бўлади. Оғир жиноятларни очишда, бегуноҳ инсонлар қотилини топишда ёрдам берсак, хурсанд бўламиз. Худди олимлар кашфиёт қилганда қандай қувонса, қотилни топишда тўғри йўналиш бера олсак, жудаям севинамиз.
— ДНК натижалари сир сақланадими?
— Юз фоиз сир сақланади. Қонунан ошкор этиш тақиқланади. Таҳлилнинг биринчи саҳифасидаёқ сўраган органдан ёки таҳлил ўтказишни сўраган инсондан бошқага ошкор қилмаймиз деб ариза ёзамиз.
Феруза РАҲИМОВА
ishonch.uz



