Аҳоли вакиллари сайлов жараёнларида фаол иштирок этяпти

46

Бугун юртимизда қизғин сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилмоқда. Бунда аҳоли ўз фуқаролик позициясини ифода этган ҳолда юрт келажаги, эртанги истиқболли лойиҳа ва дастурларга эга муносиб номзод учун овоз бермоқда.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 790-сайлов участкасида ҳам аҳоли вакиллари эрта тонгдан жараёндаги иштироки билан ўз фаоллигини намойиш этишяпти.

– Участкамизда 1289 нафар сайловчи рўйхатга олинган, – дейди сайлов участкаси раиси Ихтиёр Тўраев. – Улардан 16 нафари муддатидан олдин овоз беришди. Ҳозиргача ҳудуддаги 30 фоиздан ортиқ сайловчи ўзлари муносиб топган номзодга овоз беришди. 3 нафар биринчи марта сайловда иштирок этаётган йигит-қизларимиз бор. 11 нақар сайловчи ётоқда бўлгани учун уйларига сайлов қутичасини олиб борамиз. Жараёнлардан кўриб турибмизки, одамларнинг юрт тақдири, эртаси учун дахлдорлиги юқори. Айниқса ёшлар мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Бу бизни қувонтиради, албатта. Мана ҳозиргина участкамизга келиб кетган россиялик халқаро кузатувчи Алевтина Черникова ҳам фуқароларнинг фаоллиги ва сайловда муносиб иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади.

– Бу менинг биринчи сайловим, – дейди “Замондош” маҳалласидан Камолдин Абдуллаев. – Жуда ҳаяжондаман. Илгари ота-онам, ака-опаларимни ҳавас билан кузатиб қолардим. Мана бугун мен ҳам овоз беришга чиқдим. Яна бир қувончли жиҳати, биринчи иштироким Президент сайловига тўғри келди. Бу ўз ўрнида катта масъулият ҳамдир. Жараёнда мен каби ҳар бир йигит-қизнинг иштироки, овози муҳим аҳамиятга эга эканини яхши биламан.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,

Ishonch.uz