Супер-контрактнинг бекор қилиниши муаммога ечим бўла оладими? 

102

Мулоҳаза

Давлат қабул комиссияси қарорига кўра, абитуриент ўзи танлаган биринчи йўналишга ўқишга кира олмаган, лекин 2-, 3-, 4- ёки 5-йўналишлардан бирига кирган бўлса, унга ўз хоҳиши билан биринчи танлаган йўналиши бўйича супер-контракт асосида ўқишга рухсат берилади. 

Албатта, бу кимлардир учун хурсандчилик, кимлардир учун кўнгилхиралик ҳисобланади. Чунки талаба бўлиш илинжида икки-уч йиллаб ҳозирлик  кўрган абитурентнинг умрида лоақал битта китоб ўқимаган йигит ёки қиз билан битта босқичда ва бир гуруҳда таҳсил олиши ачинарли ҳолатдир. Унинг асорати орадан йиллар ўтиб, юзага қалқиб чиқади. Сабаби аён: ўқишга бир амаллаб кирган ва супер-контрактда ўқиган талабаларнинг баъзилари дипломни, таъбир жоиз бўлса, пулга сотиб олади. Борди-ю, ўз соҳаси бўйича олган билими етарли бўлмаса, мўмайроқ даромадли ишга ҳам пул бериб жойлашади. Бироқ, ҳарчанд уринмасин, зиммасидаги вазифани рисоладагидек бажара олмайди. Бундан эса нафақат ўзи, балки у фаолият юритаётган ташкилот-корхона ва жамият ҳам катта зарар кўради.

Ўтган асрнинг энг фасоҳатли ва машҳур адибларидан бири шайх Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ “Маданият ва адабиётдаги фасллар” китобида шундай деб ёзган эди: “Чўнтакдан нарса ўғирлайдиган талабадан имтиҳон пайти жавобни ўғирлайдиган талабанинг жинояти оғирдир. Чунки мол ўғирлаган кишининг жинояти таъсири молни қайтариши билан кетади. Аммо жавобни ўғирлаган талаба ўша жавоб билан ёлғон баҳога эга бўлса, ундан сўнг ёлғон диплом олса, кейин хиёнат билан мансабга минса, унинг жинояти давом этаверади. Гоҳида у илми бўлмаса-да, дипломи билан “олим” бўлиб олади. Сўнг унинг қўлидан илмсизлар жамоаси етишиб чиқади. У худди юқумли касаллик вирусини кўтариб юрадиган киши сингари умматнинг жасадида дард бўлаверади”.

Хабарингиз бор, яқинда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов оммавий ахборот воситаси ходими билан суҳбат жараёнида вазирлик томонидан ҳукуматга тиббиёт йўналишидаги супер-контрактларни бутунлай йўқотиш таклифи киритилганини эслатиб ўтди. Халқ орасида эса гўёки беморлар тилидан айтилган “Биз супер-контрактда ўқиган шифокорларга ишонмаймиз, чунки ҳали яшашдан умидимиз катта” деган гап юради.

Бу ҳазил эмас, аччиқ ҳақиқат! Лекин биз супер-контракт бўйича таълим олган ёшларнинг ҳаммаси ҳам шунақа нўноқ дейиш фикридан йироқмиз. Улар орасида шифокорлик касбига астойдил меҳр қўйганлари, бу борадаги билими, малакаси ва иқтидори етарлили ҳам кўп. Мен уларнинг айримлари  грантда ўқиганлардан ҳам каттароқ ютуқларга эришиб келаётганини биламан.

Демоқчи бўлганим, ҳар бир ишда муваффақият қозониш, аввало,  инсоннинг ўзига, касб-корини севишига, вазифасига виждонан ва масъулият ёндашишига боғлиқ. Бунинг учун эса, ўқишлар контракт ёки супер-контракт асосида бўлишидан қатъи назар, олий таълим муассасаларида ёшларга халқаро талаблар даражасида пухта билим берилиши шарт. Биз буни доимо ёдимизда тутмоғимиз лозим.

Мадина ПЎЛАТ қизи
ishonch. uz