Ватанимизнинг энг сўлим, илҳомбахш гўшаларидан бири бўлган Зомин туманидаги «Ўриклисой» оромгоҳида ёш ижодкорларнинг Зомин республика семинари ўз ишини бошлади.

Зомин семинари илк бор бундан роппа-роса 25 йил муқаддам ўша пайтда Жиззах вилояти ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилганди. Чорак аср давомида бу тадбир анъанавий тус олиб, истеъдодли ёшларни кашф этиш ва юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

– Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти, бадиий публицистикада ижод қилувчи 160 га яқин ижодкорлар иштирок этмоқда. Шундан 90 нафари иқтидорли ёшлардир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова.
Семинарнинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Акмал Савурбоев, Президент админстрацияси масъул ходими, ёзувчи, драматург Ғафур Шермуҳаммад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сенатор Маҳмуд Тоир ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча сохалар сингари адабиётда ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётганини таъкидлаб ўтдилар.

—Ўтган чорак аср давомида Зомин семиинарида кашф этилган ёш иқтидорлар бугун Ўзбекистоннинг машҳур шоир, ёзувчи, драматург ва умуман бадиий ижод аҳли сифатида элимизга танилди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид. – Бу юрт, бу Ватан иқтидорли ижодкорларга бой ўлка. Ушбу семинар ёшларнинг ижодий парвозида муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиз.
Хабарингиз бор, кейинги йилларда ёш иқтидорларга таълим берадиган ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактаблари ташкил этилди. Зомин семинарда шу ижод мактабларининг ўқувчилари ҳам иштирок этишмоқда.

Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли шоирлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича шўъбаларда машғулотлар, маҳорат дарслари, табиат қўйнига саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Ишонч”



