Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига жуда катта эътибор қаратилиб, соҳа ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «ISHONCH» ва «Ishonch – Доверие» газеталарининг «Қорақалпоғистон кунлари»га бағишланган ижодий учрашув кечасининг ўтказилгани юқоридаги фикримизга мисол бўла олади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашида ўтказилган учрашувда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, касаба уюшмалари ходимлари, фаоллари ва газета ихлосмандлари қатнашди.

Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов сўзга чиқиб, «ISHONCH» ва «Ishonch – Доверие» газеталари юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳамда касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиб беришда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётганлиги тўғрисида гапирди. Шундан сўнг «Ишонч» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ж.Наханов ҳамда мазкур газета мухбири У. Худойбергановалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ишлар ва қўлга киритилаётган ютуқлар билан бирга, газета босиб ўтган йўл, унинг тарихи, шунингдек, давлатимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритдилар.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда соҳа ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишиб, таклиф ва тавсияларини билдиришди.


Қизиқарли ва мазмунли учрашув сўнгида касаба уюшма фаоллари ва бир гуруҳ ходимлар совғалар билан тақдирланди.
Фотима АБДУРАИМОВА,
Ishonch.uz



