Дунёни ҳушёрлик ва ҳамжиҳатликка чорлаган адиб

569

Адабиёт йўналиши бўйича 2021 йилги Нобель мукофоти Буюк Британияда яшаётган, асл келиб чиқиши танзаниялик бўлган ёзувчи Абдулраззоқ Гурнага насиб этди.
73 ёшли адиб бундай шарафга ўз асарларида «мустамлакачилик оқибатлари ҳамда қочқинларнинг маданиятлар ва қитъалар ўртасидаги сарсон-саргардонликларини раҳмдиллик ва муросасизлик билан кенг ва таъсирчан ёритгани» эвазига лойиқ кўрилди. У мазкур мукофот доирасида 10 миллион швед крони (тахминан 1 миллион 140 минг АҚШ доллари) билан тақдирланади.

Абдулраззоқ Гурна 1948 йили Шарқий Африкадаги Занзибар шаҳрида яшовчи мусулмон араб оиласида туғилган. Мус­тамлака мамлакат фарзанди ўлароқ, ҳаётда кўп жабр-ситамлар чекиб, вояга етган. Бошланғич таълимни инглиз мактабларида олган, мурғаклигиданоқ Қуръон курсида ўқиган.
1963 йилги инқилобдан сўнг Буюк Британияга қарамликдан қутулган Занзибар сунъий равишда Танганьикага қўшилди. Шу тариқа Танзания давлати ташкил топ­­ди. Бироқ бу янгилик занзибарлик арабларга рўшнолик келтирмади, билъакс, мамлакатда оммавий қирғинлар авжига чиқиб, этник гуруҳлар яна сиқув остига олина бошланди. Абдулраззоқ ана ўша жабрдийда ирққа мансублиги туфайли 18 ёшида мамлакатни тарк этиб, Буюк Британияга кетди. У орадан 14 йил ўтгачгина она юртига қайтиб, жигаргўшалари билан дийдорлашиш бахтига муяссар бўлди. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай отаси вафот этди.
Абдулраззоқ олий маълумотни Англиянинг Кент университетида олди ва худди шу даргоҳда 1982 йили докторлик диссертация­сини ёқлади. Унда Шарқий Африка, Кариб денгизи ва Ҳиндистон ­адабиётидаги мустамлакачилик мавзусини таҳлил қилиб, постколониал адабиётга ихтисослашди. Меҳнат фаолиятини Кано шаҳридаги ­Байеро университетида ўқитувчиликдан бошлади. Кейинчалик ўзи таҳсил кўрган университетга ишга ўтди.
Мана, салкам қирқ йилдирки, у ушбу олий таълим муассасасида мустамлакачилик зулмидан озод бўлган халқлар адабиёти ва ­шоир-ёзувчилари ижодига доир маърузалар ўқиб келмоқда. Университет фахрий доктори сифатида инглиз тили кафедрасининг аспирантура бўлимини бошқармоқда. Бундан ташқари, у 2006 йилдан буён Буюк Британия қироллиги адабий жамиятининг ­аъзоси саналади.
Абдулраззоқ Гурнанинг она тили суахили бўлса-да, инглизчада ижод қилади. Суҳбатлардан бирида бунинг сабабини суахили тилидаги адабиётнинг аҳволи ҳаминқадарлиги билан изоҳлаган. Шу боис Қуръони Карим суралари, «Минг бир кеча» эртаклари, араб ва форс шеъриятидан кўпроқ илҳомланганини, ўз асарларига руҳсиз жамият, доимий қийноқлар, ноҳақликлар ва азоб-уқубатлар билан кечган ҳаётни бош мавзу қилиб олганини айтади.
Дарвоқе, адиб ижодида Африка қитъаси аҳолисининг мус­тамлакачилик давридаги оғир кечмиши устувор ўрин тутади. Масалан, «Жаннат» ва бошқа романларида Шарқий Африкада немислар ҳукмронлик қилган давр­даги воқеалар қаламга олинган. Улар бу ҳудудда жорий этган тартиб-қоидалар инглизларникидан ҳам шафқатсизроқ бўлгани очиб берилган.
Нафсиламбирини айтганда, бу мавзу илк бор Абдулраззоқ Гурна ижодида ўз ифодасини топган. У мустамлакачиликнинг мудҳиш оқибатларини, Африкадаги ирқий қарама-қаршиликлар, қитъадаги ва унинг Европа билан миграция­сига боғлиқ долзарб муаммоларни имкон қадар батафсил ёритишга ҳаракат қилган. Шунингдек, Шарқий Африкадаги ҳар қандай ички зиддият, низо, тортишув ёки суиистеъмолчиликдан кўра, европалик босқинчиларнинг туб аҳолига етказган жабри ўн чандон оғир бўлганини ва мудҳиш оқибатларни келтириб чиқарганини чуқур ёритишга интилган.
Адибнинг «Кетиш ҳақида хотира» деб номланган илк романи 1987 йилда чоп этилган. Унда тилга олинган воқеалар Шарқий Африкадаги Танзанияга ўхшаш мамлакатнинг соҳилбўйи шаҳарларидан биридаги харобазорларда содир бўлади. Бош қаҳрамон – Ҳасан исмли болакай ароқхўр отасининг ножўя қилмишларидан, ўзини узлуксиз қийнаб келаётган миллий бидъат ва хурофотлардан безор бўлгани туфайли олис-олисларга бош олиб кетишга уринади. Романда баъзи одамларнинг иккиюзламачилиги ва табақалар ўртасидаги аянчли тафовутлар асл ҳолича тасвирланади.
Абдулраззоқ Гурнанинг ушбу асари ҳамда 1988-1990 йилларда нашрдан чиқарилган «Зиёратчилар йўли» ва «Дотти» романларида замонавий Британиядаги муҳожирликнинг зил-замбил юки турли қарашлар ва ракурсларда қаламга олинган. «Жаннат» романида эса Биринчи жаҳон уруши даврида мустамлакачилик гирдобида қолган Шарқий Африкадаги воқеа-ҳодисалар тўғрисида ҳикоя қилинган. 1996 йили босилган «Сукунатдан завқланиб» романини ўқиганлар йигирма йил деганда ўз Ватанига қайтиб келган занзибарлик муҳожир йигит бошидан кечирган мислсиз азоб-уқубатлар ва руҳий изтироблар билан танишадилар. 2001 йили яратилган «Денгиз соҳилида» романини мутолаа қилганлар эса, унда империал таълим ва Африканинг маҳаллий урф-одатлари орасидаги парадокслар бадиий талқин этилганидан хабардор бўладилар.
Ёзувчининг навбатдаги романлари «Охирги совға» (2011 йил) ва «Тошюрак» (2017 йил) номи билан дунё юзини кўрди. Нобель мукофотига сазовор бўлган «Қабрдаги ҳаёт» романида Шарқий Африканинг ХХ аср бошидан то Германия­нинг мустамлакачилик зулмидан озод бўлгунга қадар даврдаги ­ҳаёти ҳақида сўз юритилади.
Абдулраззоқ Гурна сермаҳсул ижодкорлар сирасига киради. Инчунин, ҳозиргача ўнта роман ва кўплаб ҳикоялар ёзди. Улардан айримлари бир неча бор юксак мукофотларга тавсия этилди. Жумладан, 1994 йилда «Жаннат», 2001 йилда эса «Денгиз соҳилида» романи бир йўла иккита – Британиянинг Booker ва Costa мукофотлари рўйхатларига киритилди. Бироқ шу ҳолича қолиб кетди. «Қочоқлик» романи эса Ёзувчилар ­ҳамжамиятининг 2006 йилги адабий мукофоти учун даъвогар бўлди. Инглиз матбуотида Гурнанинг асарлари хусусида ёритилган тақризлар муаллифлари уни Жозеф Конрадга қиёслашди. Бу ўринда улар инглиз ёзувчисининг машҳур «Зулмат маркази» қиссаси қаҳрамони сингари «Жаннат»даги бош персонаж – занзибарлик қора танли ўсмир ҳам Марказий Африка бўйлаб машаққатли сафарга чиқишга мажбур бўлганини назарда тутган бўлсалар, ажабмас.
Абдулраззоқ Гурна ёзувчилик билан бир қаторда, адабиёт илми билан ҳам шуғулланади. Унинг постколониал адабиёт мавзусидаги икки томлик «Африка адабиёти очерклари» ҳамда илгари мустамлака ҳисобланган мамлакатларнинг Энтони Бёрджесс, Видиадҳар Суражпрасад, Салмон Рушдий, Зое Уикомб каби вакиллари ижодига бағишланган адабий-танқидий мақолалари таҳлилларга ва теран фикр-мулоҳазаларга бойлиги билан ажралиб туради. Айни чоғда, у Салмон Рушдийнинг «Кембрижлик улфат» асарига муҳаррирлик ҳам қилган.
Нобель қўмитаси мутахассисларнинг таъкидлашларича, Абдулраззоқ Гурнанинг романлари ноодатий постколониал адабиёт намуналаридир. Уларда Африка халқларининг ўтмишдаги ва бугунги ҳаёти ҳар томонлама муфассал ва чуқур, дардкашлик билан ёритилган. Шунга мувофиқ, муаллиф мукофотга лойиқ деб топилган. Бу эса кўплаб халқлар тақдирига тааллуқли фожиали воқеаларни ўз бошидан кечирган, уларнинг асоратларидан бутун дунё аҳлини огоҳ этиб, барчани ҳушёрликка ва ҳамжиҳатликка чақиришга аҳд қилган инсоннинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир!

Ҳусан ЭРМАТОВ