«Mенинг Президентим» ижодий ишлар танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Mенинг Президентим» ижодий ишлар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Дилшод Кенжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Парламент вакиллари, ёзувчилар, илм-фан арбоблари, халқ таълими, касаба уюшмалари масъул ходимлари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов кўзи чақнаб турган ўқувчиларни ғолиблик билан қутлади.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бунёдкорлик соҳаларидаги ютуқлар, шунингдек, халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамда биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ўзида акс эттирган бир қанча китоблар ва рисолалар чоп этилди, босма оммавий ахборот воситаларида кўпдан-кўп мақолалар эълон қилинди.
Китобхонлар, жумладан, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ушбу китоблар ва рисолаларни катта қизиқиш билан мутолаа қилишяпти. Шу муносабат билан билдирилган таклифлар асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ўтказиш бўйича қўшма қарор қабул қилинди. Бу ўқувчиларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш кўникмаларини, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш мақсадини мужассам этди.
Тадбирда «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Комиссия ҳамда Ҳакамлар ҳайъати раиси, юридик фанлари доктори, профессор Шуҳрат Жалилов танлов жараёни ҳақида ахборот берди. Танловга ўғил-қизлар катта қизиқиш билдиргани, унинг мактаб босқичи жорий йил 20 ноябрь – 4 декабрь кунлари 591 927 нафар, туман (шаҳар) босқичи 6-14 декабрь кунлари 9 872 нафар, ҳудудий босқичи 15-17 декабрь кунлари 207 нафар ўқувчи иштирокида ўтказилгани, натижада 45 нафар иштирокчи республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани маълумот ўрнида айтиб ўтилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, танловнинг энг масъулиятли лаҳзалари қизғин кечди. Қуйи босқичларда 7 та тилда иншо ёзган иштирокчилардан 4 та, яъни ўзбек, рус, қорақалпоқ ва қозоқ тилларида ўз фикрларини қоғозга туширган ёшлар республика босқичига етиб келишди.
Ўғил-қизларнинг шижоатга йўғрилган юрак сўзлари, фикр-мулоҳазалари ўз ифодасини топишидан бир кун аввал зиёлилар билан ташкил этилган маърузалар уларга катта манба бўлиб хизмат қилгани сезилиб турарди. «Нима ёзсам экан?» деб ўйланиб ўтирган иштирокчи бўлмади. Бу ёшларнинг нафақат фан жабҳаларида, балки юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга эътиборсиз эмаслигини, ўзларини чин маънода шу юртнинг эгалари, келажаги деб ҳис этишларини намоён этди. Ишонч билан айта оламизки, бундай қалби қайноқ, шижоати баланд ёшлар – Янги Ўзбекистонда яратилаётган Учинчи Ренессанс бунёдкорларидир. Бири эртага дипломат, бири вазир, бири сиёсатчи, бири депутат, бири журналист бўлиб, шу юрт эртаси, халқимиз тақдири учун ёниб яшайдиган кадрларга айланишига асло шубҳа йўқ.
Энг муҳим жараёнга келсак – ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Ҳар бир ижод намунаси ўзига хос бир асар. Ҳакамлар ҳайъати уларни бир неча маротаба ўқиб, қизғин баҳсларга киришишди. Баллар тенг келиб қолган ҳолатлар бўлгани учун ғолиблар сони ҳам ортди.
Ижодкорлик билан ёндашган, ҳаётий далилларни изчил мустақил фикрлар билан баён қила олган, яшаб турган ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорликлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ўқувчига хос тарзда кенг ёритилган, сиёсий атамалардан ўринли ва тўғри фойдаланган, сўз бойлиги ва ифода қурилиши, ҳуснихат ва иншо услуби адабий тил талабларига мослиги ҳамда саводхонлиги, имло ёки ишораларнинг бехатолиги, аниқ далиллардан ўринли фойдаланган ҳолда ёритилган иншолар ғолибликка тавсия этилди.
Ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Ғолиблар номи тилга олиниб, мукофотлар тантанали тарзда эгаларига топширилди. Барча иштирокчиларга ноутбук, ғолибларга эса диплом, 2022-2023 ёки 2023-2024 ўқув йилида республикадаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда мос равишда 1-ўрин соҳибига 4 йиллик, 2-ўрин соҳибига 3 йиллик, 3-ўрин соҳибига 2 йиллик тўлов-шартнома маблағлари (табақалаштирилган (супер) тўлов-шартнома бундан мустасно) тўлаб берилади ёки грант асосида талабаликка қабул қилинса, мос равишда 1-ўрин соҳибига 4 йиллик, 2-ўрин соҳибига 3 йиллик, 3-ўрин соҳибига 2 йиллик тўлов-шартнома маблағлари миқдорида мукофотлар берилади.
Ўқувчилардан яна 12 нафари турли номинациялар бўйича тақдирланиб, уларга қимматбаҳо смартфонлар тақдим этилди.
Бундай ютуқлар соҳибига айланиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунда таълим-тарбия берган устозларнинг ҳиссаси алоҳида. Қарийб 600 минг нафар иштирокчи қатнашган шундай катта танловда ғолиблар сафида бўлиш – катта бахт, уларнинг устози бўлиш эса икки карра саодатдир. Шоир айтганидек:
Дейдилар дунёда
асли ким азиз,
Айтдилар устоздир,
устоз бегумон.
Тағин айтдиларки,
азиз шубҳасиз,
Устозлар қадрига
етолган инсон!
Шу ўринда қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратяпти. Жойларда мактаб ва ўқув шароитларини тубдан яхшилаш бўйича қатъий чоралар кўриляпти. Бу ишларни ўз мактабларида намунали йўлга қўйган раҳбарлар туфайли бугунги ёшларимиз аждодларга муносиб ворис бўлиб етишаётир.
Бу жиҳатлар алоҳида инобатга олиниб, ғолиб ўқувчилар ўқитувчиларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 30 миллион, 20 миллион ва 10 миллион сўм пул мукофотлари ҳамда мактаб директорларига эса Халқ таълими вазирлиги ноутбуклар тақдим этди.
Республика босқичи иштирокчиларининг иншолари китоб ҳолида нашр этилиши алоҳида таъкидланган тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, бу танлов юртимиз ёшларининг ўқиб-изланиб, илм олишида ўзига хос рағбат бўлишини эътироф этишди.
Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»



