Устоз қадри улуғланган жой

1933

Сурхондарё вилоятида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган педагог-ўқитувчилар, мураббий ва тарбиячилар кўп. Айни чоғда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгашининг Сурхондарё вилояти бўйича ­масъул ташкилотчиси Моҳира ТОҒАЕВА билан шу хусусда суҳбатлашдик.

– Маълумотларга кўра, ўз сафига 101282 нафар аъзони бирлаштирган уюшма соҳа ходимлари манфаатларини жамоа шартномалари орқали ҳимоялашни зиммасига олган. Айтинг-чи, ижтимоий шериклик тамойиллари амалиётга қай даражада татбиқ этилмоқда?
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг VII қурултойларида муҳим ва маъсулиятли вазифалар белгилаб олинган. Унга асосан, биз ҳам уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда интеллектуал манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ режа ва дастурлар ишлаб чиққанмиз. Иш берувчилар билан ҳамкорликда соҳанинг кам таъминланган, ногирон, кўп болали, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз. Туманлардаги тармоқ қўмиталар томонидан ногиронлиги мавжуд 47 нафар кишига кундалик эҳтиёжи учун 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 247 нафар кам таъминланган ва ижтимой ҳимояга муҳтож оила вакилларига, 2-3 ёшгача бўлган фарзандларини парваришлаш билан машғул ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди. 143 нафар ходимга эса юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилинди.
«Меҳр аввал биздан бўлсин!» деган шиор фаолиятимизнинг бош мезони саналади. Шу асосда «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган 120 нафардан зиёд аёлнинг мушкулини имкон қадар осонлаштиришга интилдик. Бундан ташқари, ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Термиз шаҳридаги ҳарбий қисм хизматчилари учун махсус байрам тадбирлари уюштиряпмиз. Мингдан ортиқ бошланғич ташкилотда «Балли, шунқорлар!» кўрик-танлови ўтказиб, ғолибларни тақдирлаяпмиз. Хотин-қизлар байрамида мунис онахонлар, дилбар опа-сингиллар кўнг­лини шод этишга баҳоли қудрат ҳисса қўшяп­миз. Улар иштирокида спорт мусобақалари уюштириб, барчасига эсдалик совғалари улашяпмиз.
– Уюшма аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси қарорига биноан, вилоятдаги 500 нафар раҳбар ва ўқитувчи касаба уюшмаларига қарашли «Термиз марвариди» ва «Хўжаипок» санаторийсида бепул соғломлаштирилди. Қолаверса, сўнгги 8 ой давомида тизимда меҳнат қилаётган 300 нафарга яқин ишчи-ходим республика миқёсидаги «Турон», «Чинобод», «Ботаника», «Ситораи Моҳи Хоса», «Бўстон» сиҳатгоҳларида соғлиқларини тиклашди.
Соҳа ходимларининг фарзандлари вилоятдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ чиқаришяпти. Касаба уюшмалари Федерациясининг «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» акцияси асосида 700 нафар аъзонинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент сингари тарихий шаҳарларга, 6300 нафари вилоятдаги диққатга сазовор жойларга саёҳат ва зиёратга боришини ташкиллаштирдик.
– Ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларга қандай моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда?
– Аввало, тизимда узоқ йиллар ишлаган фахрийлар ҳамда хасталаниб қолган устозлар ҳол-аҳволидан хабар олинди. Уларнинг уйи­­га бориб, байрам совғалари тақдим этилди. Ҳар қайси туман кенгаши ижтимоий кўмакка муҳтож 100 нафардан ортиқ ўқитувчига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди. Улуғ айём кунларида Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбиячи ва тарбияланувчилари, Денов, Шўрчи туманларидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар муаллимлари ҳам ҳомийлик ёрдамларидан баҳраманд бўлишди. Тармоқда ҳар бир байрамда ижтимоий ҳимояга муҳтожлардан хабар олиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш, илғор ходимларни рағбатлантириш изчил йўлга қўйилган.
– Соҳа вакилларининг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилашга доир қонунларга риоя этилиши касаба уюшмалари томонидан нечоғли назорат қилинмоқда?
– Бошланғич ташкилотларда ҳар бир иш жойи учун техника хавфсизлиги йўриқномалари ишлаб чиқилган. Таълим муассасалари касаба уюшмалари саъй-ҳаракати самараси ўлароқ, тўлиқ бирламчи ўт ўчириш мосламалари билан таъминланган. Меҳнат муҳофазасига оид низом талаблари бажарилиши учун масъул шахслар масъулиятини ошириш, барча муассасаларда меҳнат муҳофазаси хоналарини жиҳозлаш ишлари ҳам касаба уюшмалари томонидан адо этилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган ўқув кўргазмали қуроллар, тарғибот-ташвиқот воситалари, плакатлар ва бошқа буюм-анжомлар касаба уюшмалари маблағлари эвазига муҳайё этилган.
Умуман олганда, Сурхондарё вилоятида ўқитувчи ва мураббийларнинг қадрини ошириш, уларга етарли шарт-шароитлар яратишга асосий эътиборимизни қаратганмиз. Зеро, устозлар қадри улуғланган жойдагина илмга ҳақиқий пойдевор қўйилади.

«ISHONCH» мухбири
Рустам ДАВЛАТОВ
суҳбатлашди