Олимлар инсоният тараққиёти давомида аёллар тобора гўзаллашиб бораётгани сабабини аниқлашди
Хельсинки университети олимлари олиб борган илмий тадқиқотлар натижасига кўра, инсоният тараққиёти давомида аёллар тобора гўзаллашиб бормоқда. Яъни, энг замонавий пардоз воситалари туфайлигина эмас, балки табиий гўзаллик ҳам ошиб боряпти. Эркаклар қиёфасида эса деярли ўзгариш йўқ.
Бу гаплар одатдаги хушомад эмас, балки 1244 нафар аёл ва 997 нафар эркаклар устида олиб борилган илмий изланишлар натижасидир. «Аёллар тобора гўзаллашиб, жозибадор бўлиб боришмоқда. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ», дейди илмий гуруҳ раҳбари профессор Маркус Йокела.
Гўзал аёллар кўпроқ фарзанд кўришади. Бу борада улар «ўртача» кўрсаткич соҳибаларидан 16 фоиз олдинда. Қизиғи шундаки, гўзал аёлларда кўпроқ қиз фарзандлар туғилади. Бу эса, мутахассислар фикрича, келгусида чиройли аёллар сонини янада оширади. Фин олимлари мазкур хулосага келишда япониялик Канадзава Сатошининг илмий изланишларига ҳам мурожаат қилишди. Сатоши, чиройли ота-оналардан кўпроқ қиз фарзандлар туғилади, деган илмий хулосага келганди. Унинг фикрича, бундай тараққиёт тарзи инсоният учун ирсий, яъни у ДНК тизимида «махсус дастурланган». Демак, жисмоний жозибадорлик наслдан-наслга ўтади.
Олимларнинг фикрича, гўзал аёлларга мафтун бўлувчилар «ўртачароқ»ларга қараганда анча кўп бўлади ва бу табиий ҳол. Натижада номзодларни танлаб-танлаб турмуш қуриш ва келгусида тўкис ҳаёт кечириш имконияти – чиройли қизларда юқорироқ бўлади.
Хўш, доно табиат нега эркаклар қиёфаси ҳақида қайғурмаган?
Бу саволга олимлар, гўзал аёллар учун умр йўлдоши танлашда эркакларнинг истарали бўлиши асосий омил эмас, дея жавоб беришган.
Умр йўлдошини танлаш масаласида аёл учун энг муҳими – топиш-тутиши яхши, уйим-жойим, болам-чақам дейдиган, мард, қўли очиқ, аёлининг айтганини муҳайё қилувчи, мўмин-қобил, уй юмушларида ёрдам берувчи ва ҳоказолар. Натижада эркакнинг ташқи қиёфасидаги нуқсони ана шундай фазилатлар орқасидан билинмайди. Илмий тилда айтганда, «компенсация қилинади».
Тадқиқотларга кўра, унча-бунча аёлнинг ўз ҳуснидан кўнгли тўлмас, фақат 4 фоиз аёлларгина ўзларини «чиройли» деб ҳисоблашар экан. «Аёллар ҳусн борасида ўз-ўзларига ашаддий танқидчи, – дейди мутахассислар. – Аммо, улар кўпинча ўзлари ўйлаганларидан ҳам гўзалроқ эканликларини билишмайди…».
Аслида ҳам шундайми ёки йўқ? Бунга аниқлик киритиш учун ғалати бир тажриба ўтказилган.
Юз, бадан ва соч учун пардоз воситалари ишлаб чиқарувчи «Unilever» компаниясининг Dove савдо белгиси («Дав» – ўзбекча кабутар) аёл гўзаллигини баҳолаш ҳақида фильм суратга олди. Фильм ғоясига кўра, рассом Гил Замора етти аёлнинг суратини ўзига қараб эмас, балки уларнинг ўзларига берган таърифлари асосида чизди. Кейин, яна ўша аёлларни, бу гал бошқаларнинг оғзаки тасвирлари асосида чизди. Натижада ҳар бир аёлнинг иккитадан сурати пайдо бўлди. Улар таққослаб кўрилганда, ўз-ўзларига берилган таърифлар асосида чизилган расмлар – анча хунук, бегоналар таърифи асосидаги расмларда эса – гўзал аёллар акс этган эди.
Ўзини чиройли, деб ҳисобловчи аёллар, бошқаларга нисбатан ўзларини бахтлироқ ҳис этишаркан.
Аслида аёлларнинг ҳаммаси – гўзал. Фақатгина «Лайли гўзаллигин кўрмоқ учун унга Мажнун кўзи ила боқиш» керак…
Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
журналист



