Юртда қиш оёқлади. Офтобнинг иссиқ тафти сезила бошлади. Далаларда майсалар қулоқ чиқарди, бойчечак унди. Ушоқ моллар оғзи кўкка етди. Эл жонланди, экин-тикин ҳаракати бошланди.
Нурота тизма тоғлари бағрида жойлашган Накуртда навбатдаги тонг отди. Қувондиқ бобо саҳар уйғонди. Ғира-ширада юз-қўлини ювар экан, ҳовлини супуриб бўлиб, нонуштага уннаётган келини унга салом бериб, сочиқ тутди.
Бобо чошгоҳга яқин алоҳида уй солиб кўчиб чиққан ўғлиникига йўл олди. Йўл-йўлакай қўшниси Холмирза акани ҳовлисида кўриб, у томон йўналди. Ҳол-аҳвол сўрашди. Гап ўзани йил келишига тақалди.
– Яхши келса ҳут – қозон-қозон сут, ёмон келса ҳут – керагада бут, – деди бобо кўкда ҳар-ҳар жойда тўп-тўп бўлиб сузаётган булутларга маънодор термулганча. – Ота-боболаримиз бекорга бундай демаган. Ҳаммаси ҳутнинг қадамига боғлиқ. Аллоҳга шукур, бу йил мартда кўп ёғингарчилик бўлади, дейишяпти. Бугун ҳам ҳавонинг авзойи бузуқ. Ёмғир ёғадиганга ўхшайди.
– Ёғсин, деҳқоннинг ризқини берса, косаси тўлса, элга ҳам барака инади. Юртда тўкин-сочинлик, арзончилик бўлади.
– Вақт югурик. Ҳаял ўтмай Наврўз ҳам келади, – деди бобо. – Эл билан Йилбошининг маслаҳатини қилишимиз керак.
– Тўғри айтасиз, – деди Холмирза ака унинг гапини маъқуллаб.
Йилбоши – Наврўзда нишонланадиган эл сайли. Бу пайтда қишлоқ аҳли қирга тўпланиб, дастурхон ёзишади ва бир-бирларини айём билан қутлашади. Ҳар ким илинганини олиб чиқади. Сумалак, кўк сомса каби кўклам таомлари дастурхонни безайди.
Оқсоқоллар элдан пул йиғишади, жонлиқ олиб, қон чиқаришади. Катта қозонда ош дамланади. Дошқозонларда сумалаклар қайнайди. Кексалар дуога қўл очиб, юртга тинчлик, элга қут-барака ва омонлик тилашади, ўтганлар ҳақига дуо қилишади. Янги тушган келинчаклар келинсалом қилишиб, улуғлар дуосини олишади. Бамаслаҳат ҳолда подага чўпон тайинланади, қишлоқда йил давомида қилинадиган бошқа ишларга тамал тоши қўйилади. Таомдан сўнг Яратганнинг неъматларига шукрона айтилиб, дуога қўл очилади. Кейин… ёш-яланглар ўртасида қулоқчўзма, арқон тортишиш, олишув бошланади.
Каттаю кичикнинг, ёшу қарининг юз-кўзларида шодлик балқийди. Барчаси яна бир йилни кутиб олишаётганига шукрона келтиради. Қаҳратондан чиққан табиат яна яшнамоқда. Кимлардир сафни тарк этган, қолганлар соғ-омон, чақалоқ кўтарган келинчаклар қаторни тўлдирган. Бу ҳаёт қонуни – йиллар ўтаверади, авлодлар алмашаверади, орзу-умидлар эса ўлмайди, янги-янгилари куртак ёйиб, бўй чўзаверади…
Кўклам нафаси уфуриб, ёмғир исини олиб келди.
Хаёллар уммонига ғарқ бўлган Қувондиқ бобо ўрнидан қўзғалди. Холмирза ака шошиб:
– Шошманг, бир пиёла чой ичиб кетинг, – деди.
– Майли, бора қолай. Бошқа сафар, – бобо унамади.
– Қутлуғ уйдан қуруқ кетманг, – деди Холмирза ака. – Ҳеч бўлмаса, туз тотинг.
Холмирза ака ичкарига овоз берди. Кўп ўтмай аёли дастурхон кўтариб чиқиб, салом берди.
Бобо дастурхоннинг бир четини очди. Унинг ичидаги икки жуфт нондан бирини ушатиб, оғзига солди. Ликопчадаги парвардадан биттасини олиб:
– Барака топ, қизим, нондек сероб бўл, – дея алқади.
Кўчага чиққач, ўттиз-қирқ одим нарида суҳбатлашиб, йўлни кесиб ўтаётган икки аёлга кўзи тушди. Улар бобони кўриб, юришдан тўхтадилар. Унга салом бериб, ўтиб кетгандан кейингина йўлни кесиб ўтдилар.
– Эркак кишининг, ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўядиган сиздек тарбия кўрган иболи келинларимиз, қизларимиз бор экан, набираларимиз яхши инсонлар бўлиб вояга етадилар. Барака топинглар, қизларим, асло кам бўлманглар, – дея ичида уларни дуо қилди бобо.
Шу пайт олдидан сумка кўтарган бир гала болакай чиқди. Улар орасидаги учинчи синфда ўқийдиган набираси ёнига чопиб келди.
– Каттата, сизга берган сўзимнинг устидан чиқдим. Бугун учта беш олдим.
Қувондиқ бобо уни бағрига босди. Сўнгра нимадир эсига тушгандай, чўнтагини ковлади.
– Мана, болам, сенга ваъда берганимдек, беш баҳога беш минг сўм! – дея пул узатди.
Сўнгра қолган болаларга юзланиб, яна қайси бири беш баҳо олганини сўради. Болакайлар бири олиб, бири қўйиб, «Мен иккита, мен учта беш олдим», деб чуғурлай бошлашди. Бобо уларнинг барчасини набирасини сийлагандек сийлади.
– Баҳоларинг доимо беш бўлса, мана шундай мукофотлаб тураман. Икки, ҳатто тўрт олмасдан, бешга ўқишга ваъда берасизларми? – деди.
Болакайлар хурсандлигидан:
– Раҳмат, бобо, биз фақат беш баҳога ўқишга ваъда берамиз, – дейишди.
Қувондиқ бобо набирасини етаклаб, ўғлиникига кириб борганда тандир атрофида куймаланаётган келини тез-тез юриб келиб, унга салом берди. Бобо ёнига чопиб келган бошқа набираларини бағрига босиб, уй олдидаги супанинг бир четига чўкди. Болакайлардан бири қўлига сув қуйди, бошқаси сочиқ келтирди. Келин дастурхон олиб чиқиб ёзди. Сўнг бир лаган кўк сомсани дастурхонга келтириб қўйди.
– Вақтида келдингиз, ота. Кеча ўғлингиз исмалоқ олиб келганди. Сомса ёпдим, ўзингиз дуо қилиб бошлаб беринг.
Қувондиқ бобонинг мижжасига бир томчи ёш сизиб, кўзларига қувонч инди. Ён-атрофига мамнун боқаркан, қўлларини дуога очди.
– Илоё, кўкламнинг қадами қутлуғ келсин! Юртимиз тинч, элимиз омон бўлсин! Шу кунларга етказганига минг қатла шукур! Ҳар хил бало-қазолардан барчамизни Яратганнинг ўзи асрасин!
Бобо шундай дея енгил тин олиб, дастурхонга қўл узатди. Набиралари ҳам чуғурлашиб унга қўшилди. Шу лаҳза хонадонга ажиб бир файз ёғилди.
Муҳаммад ЖЎРАҚОБИЛОВ



