Пандемия бошланишидан олдин Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан Марказий Осиё регионал экологик маркази томонидан Испанияда ташкиллаштирилган 8 кунлик стади-турда қатнашдим. Шу жараёнда ўрта асрларда машҳур бўлган Қуртуба халифалигининг пойтахти Кордова шаҳрига ҳам бориб, у ердаги бир вақтлар дунёда иккинчи ўринни эгаллаган энг катта масжидга ташриф буюрдик.
Мени испанларнинг она юртида мавжуд бўлган ноёб обидаларни эъзозлаши жуда ҳайратлантирди. Улар ҳақида қай биридан сўрасангиз, сизга талай маълумотлар беради. Бундай жойларга ҳатто боғча болаларининг саёҳатлари ҳам уюштирилар, тарбиячилари уларга маданий ёдгорликларнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида сўзлаб беришар экан.
Буни эслашим бежиз эмас. Бир йили Элликқалъа туманидаги Норинжон бобо мақбарасига маълумот тўплаш учун йўл олдик. Уни зиёрат қилгач, ўша ерда Қуръон тиловат қилиб ўтирган икки кишига ўзимизни таништирдик. «Биз журналистмиз, ушбу қадамжолар ҳақида мақола тайёрлаш учун келдик. Иложи бўлса, шу жой тарихини айтиб беринг», дедик. Улар эса, «Биз ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз, яхшиси, масжид имомига учрашинглар», деб масъулиятни бўйинларидан соқит қилишди.
Кейин билсак, улар аслида ободонлаштириш бўлими ишчилари бўлиб, зиёратга келганлар номидан тиловат қилишар экан. Бундан ажабланиб турган пайтимиз мақбара олдига ёпиштирилган афишадаги ёзувларга кўзимиз тушди. Унга «Абдулла Норинжоний ўз даврининг таниқли алломаларидан бири бўлиб, XIII асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган. Ҳижрий 712 (милодий 1312) йилда вафот этган» деган сатрлар битилган эди.
Бу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида масжид имомининг ёрдамчиси Умиджон Жуманиёзовга мурожаат қилдик.
– Олимларнинг аниқлашича, Абдулла Норинжоний тахминан IX аср охирларида Арабистонда туғилган, – деди суҳбатдошимиз. – У ёшлигидан пухта билим олган. Кейин бизнинг ўлкага кўчиб келиб, маҳаллий аҳолига диний илмни ўргатган ва ислом маданиятини тарғиб қилган. Бу ерда азалдан Норин деган катта қалъа бўлган. Мақбара турган жой қалъанинг ғарб томонидаги пахса девор билан туташган. Норинжон бобо 922 йили ҳаётдан кўз юмаётганида «Мени шу девор остига дафн этинглар», деб васият қилган.
Биз Умиджон Жуманиёзовдан «Афишада Норинжон бобо 1312 йилда вафот этган деб ёзилган, сиз эса 922 йилда деяпсиз, қай бири тўғри?» деб сўрадик. Домланинг айтишича, Норинжон бобонинг кейинги издошлари унга атаб мақбара қура бошлашади ва бу ишни 1312 йилда тугатишади. Мақбарага ўрнатилган қабр тошига эса қуйидаги ёзувларни битиб қўйишади: «Бу шайх, имом, ўз илмига амал қилгувчи олим, обид, зоҳид, Худо йўлида парҳезкор, очиқ-ойдин кароматлар соҳиби, Аллоҳ сирининг Ердаги кафили Муҳаммад ибн Мусо ибн Довуд Абу Абдуллоҳ ан-Норинжоний қабри. Унга ҳамда унинг асҳоб ва яқинларига Аллоҳнинг саломи бўлсин! Тарих санаси етти юз ўн икки».
Демак, бу сана тўрт асрдан кейин Норинжон бобо шарафига барпо этилган мақбара қурилиши тугаган вақтни билдиради. Кейинги тадқиқотлар жараёнида яна бир қабр тоши топилади ва Норинжон бобо X аср бошларида вафот этгани ойдинлашади.
Ул зотнинг ўзи, мақбараси ва Норин қалъаси ҳақидаги ишончли маълумотлар археолог олим Ғайратдин Хожаниязов мақолаларида ҳам ўз ифодасини топган. Унинг «Тамаддун нури» журналининг 2018 йил 2-сонида босилган «Норинжон қалъаси ва Норинжон бобо мажмуаси» сарлавҳали мақоласида қайд этилишича, сўнгги пайтларда топилган қабр тоши Норинжон бобо яшаган даврга аниқлик киритган. Ундаги ёзувда шайх X аср бошларида вафот этгани ва қалъанинг ғарбий девори ёнига дафн этилгани айтилган. Шунингдек, қуйидаги сатрлар мавжуд: «Бу гўрхона-даҳмада Худованднинг имдоди [билан] илоҳиётшунос олимга айланган, илоҳий фанларнинг моҳир билимдони даражасига кўтарилган, илоҳий равнақ ила олижаноблик уммони даражасига юксалган шайх Муҳаммад ибн Мусо ибн Довуд Абу Абдуллоҳ ан-Норинжоний ётибди…». Ушбу қабр тоши ҳозир Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейида сақланмоқда.
Маълумки, 1221 йилда Чингизхон лашкарлари Хоразм юртини вайрон қилгач, Амударёнинг ўнг соҳилида ҳувиллаб қолган қалъаларни қум босган. Жумладан, Норин қалъаси ва Норинжон бобо мақбараси ҳам унинг тагида қолиб кетган. Бу мажмуа XIII асрнинг иккинчи ярмида ва XIV аср бошларида янгидан тикланган. Мақбаранинг иккинчи марта қурилиши уламо, шайх Мухтор Вали номи билан боғлиқ. Мақолада таъкидланишича, бу инсон бутун умрини Норинжон бобо каби муқаддас қадамжоларни излаб топишга, қулаган мақбараларини қайта қуриб, ободонлаштиришга сарфлаган. У 1287 йили вафот этган ва ҳозирги Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманига қарашли Остона қишлоғидаги катта қабристонга дафн этилган. Демак, Норинжон бобо гумбазини қайта қуриш ишлари битгандан кейин сағанага 1312 йили янги қабр тоши ўрнатилган бўлиши мумкин.
Илмий манбаларга кўра, Норинжон қалъаси ноёб тарихий-маданий иншоот ҳисобланади. Унинг асосий қисми эрамизнинг VII-VIII асрларида барпо этилган. Араблар истилосидан сўнг у вайронага айланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. X-XI асрлар қалъа қайта тикланиб, атрофи мудофаа девори билан ўралган. X аср бошларида унинг эски бир қисмида қабристон пайдо бўлган.
Сирасини айтганда, X-XI асрларда Норинжон қалъаси Жанубий Орол бўйидаги яхши ривожланган қалъалар жумласига кирган. Бунинг сабабларидан бири у савдо йўлига яқин жойда қад ростлагани билан боғлиқ. Бу йўллар Бухоро, Самарқанд, Шарқий Туркистонга ва қуйи Сирдарё бўйидаги қалъаларга олиб борган.
Яна бир гап. Норинжон қалъаси деҳкончилик билан шуғулланувчи ўтроқ аҳоли ва кўчманчи чорвадорлар ўртасидаги айирбошлаш савдоси йўлга қўйилган марказлардан бири саналган. Шу боис унда X-XI асрларда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Ажойиб ва гўзал мақбаранинг илк қурилиши жараёнлари ҳам шу даврга тўғри келган. Кейинчалик у бир-икки марта қайта таъмирланган.
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»



