Яхши-ёмон кунда елкадош

1046

Шавкат Пармонов «Gissarneftgaz» қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятида ишлайди. Турмуш ўртоғи Маҳлиё Қаршиева хасталаниб, жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказгач, Шавкат ёрдам сўраб, касаба уюшма қўмитасига мурожаат қилди. Жамоа шартномасига кўра, унга дори-дармон харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш мақсадида моддий ёрдам ажратилди.

Шимолий Ғузор 3-кон кузатувчиси Шаҳобиддин Худоёров Тошкентдаги «Травматология институти» клиникасида жарроҳлик столига ётди. Қўриқчи Фарҳод Тошпўлатов эса онасини Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий марказининг Қашқадарё вилояти филиалида даволатди. Уларга ҳам дори-дармон харажатларининг ярми қоплаб берилди.
Шунингдек, корхонанинг қудуқларни мукаммал таъмирлаш цехи ёрдамчи бурғуловчиси Акмал Нармановга ўғлини даволатгани учун, бурғуловчи Фарҳод Холматовга ўзи муолажа олгани сабаб касаба уюшма қўмитаси қарори билан моддий кўмак кўрсатилди. «Covid-19» билан оғриган 4 нафар ходимга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.
Корхона қўриқчиси Боймаҳмат Бўриевнинг икки нафар фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқийди. Унинг оилавий шароити ҳисобга олиниб, унга рес­публикада белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг 4 баравари миқдорида кўмак берилди. Цех ошпази Камол Тўхтаевнинг бошига мусибат тушди. Отасидан ажраб олди. Унга жамоа шартномасига кўра, 4 миллион 110 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Корхонада кўп йилдан бери ишлаб келаётган Абдукарим Зарипов, Юсуф Қодиров, Бойқора Поёновнинг 50 ёшга, Панжи Эшонқулов ҳамда Январ Невараевнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан улар ҳам моддий рағбатлантирилди.
Жамоа шартномасида, шунинг­дек, ишда фаоллик кўрсатган ходимларни рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Унга кўра, 2021 йил якунлари бўйича «Энг фаол ишчи» ва «Энг фаол муҳандис техник ходими» номинациялари бўйича энг яхшилар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Корхонада соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида тез-тез спорт мусобақалари уюштириш ва фаол иштирокчиларни муносиб тақдирлаш йўлга қўйилган бўлиб, бу тадбирлар жамоа шартномаси бандларининг иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси томонидан тенг шерикликда бажарилаётганига ёрқин мисол бўла олади.
Ходимпарвар касабақўм раиси Жўрақул Амиров бўлаётган ҳар бир мурожаатни тез ва кечиктирмасдан ижобий ҳал қилишга, жамоа шартномаси бандларини амалда қўллаб, ходимларнинг яхши-ёмон кунида, соғломлиги-ю беморлигида елкадош бўлишга ҳаракат қилади. Энг асосийси, у инсон қадрини улуғлашни ўзи учун ҳаётий ақида деб билади…

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»