Халқ банки фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда молия муассасасида ахборот олиш эркинлигини янада соддалаштириш йўлида ҳақиқатан ҳам ўтган йилларда қатор вазифалар амалга оширилди.
Куни кеча АОКАда “Халқ банки фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби” мавзуси доирасида бўлиб ўтган анжуманда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Хусусан, Халқ банки Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимовнинг таъкидлашича, ўтган давр мобайнида Халқ банкининг ташкилий тузилмаси тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, Ахборот хизмати фаолияти бутунлай янгиланиб, унинг ўрнида Банк бренди ва Ахборот хизмати фаолияти ташкил этилди.
Айни вақтда Халқ банки фаолиятига доир барча маълумотлар банкнинг www.xb.uz расмий веб-сайтида эълон қилинмоқда. Қолаверса, молия муассасасининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилда Ахборот хизмати томонидан янги @xbpress_bot телеграмм боти ҳам ишга туширилди. Бу эса ўз навбатида, аҳоли ва мижозларнинг таклиф ва эътирозларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда унга самарали ечим топиш учун асосий механизм вазифасини бажаряпти.
Бу борада Халқ банкининг мурожаатлар билан ишлаш йўналишида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Бинобарин, 2021 йил мобайнида аҳоли, айниқса, банк мижозларидан келган мурожаатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмади.
Мисол учун, 2021 йилнинг якунига кўра, Халқ банки Бошқарувига жами 32 913 та мурожаат келиб тушган бўлиб, унинг 98,3 фоизи жисмоний ва
1,7 фоизи юридик шахслар томонидан йўлланган. Мурожаатларнинг 36,4 фоизи тўлиқ ва ижобий қаноатлантирилган бўлса, 63,6 фоизига тегишли ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот берилди.
Жумладан, жорий йил январь-февраль ойларида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга камайди.
Ушбу мурожаатлар бўйича олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, мурожаатларнинг аксарияти кредит олиш масаласи бўйича келиб тушган. Шу боис, Халқ банки томонидан кредит олиш жараёнида турли муаммоларнинг юзага келишини олдини олиш мақсадида кредит ажратиш жараёнлари ҳамда механизмлари қайта кўриб чиқилиб, скоринг тизими ва андеррайтерлар фаолияти такомиллаштирилди. 2021 йил давомида 150,2 минг нафар фуқарога қарийб
3,2 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. 1 мартдан бошлаб эса Халқ банкидан электронлаштирилган тартибда имтиёзли кредитларни “оilakredit.uz” платформаси орқали олиш имконияти яратилиб, кредитлаш жараёни янада соддалаштирилди. Эндиликда молия муассасасида имтиёзли кредит олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар электрон равишда ҳаракатланяпти.
Айтиш жоизки, Халқ банкида коррупцияга қарши муросасиз курашишни янада ошириш мақсадида банкнинг Ички назорат ва комплаенс тизими ҳам қайта ташкил этилиб, ҳар бир филиалда 1 тадан Ички назорат ва комплаенс менежери фаолияти йўлга қўйилди.
Аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Банк хизматлари марказлари” сони 94 тага, “24/7-Электрон офислар” сони 430 тага, Халқаро пул ўтказмалари шохобчалари сони 298 тага ва валюта айирбошлаш шохобчаларининг умумий сони 261 тага етди. Шунингдек, 1,5 млн. донадан ортиқ банк карталари муомалага чиқарилиб, уларнинг сони 5,6 млн донага етказилди.
Ҳудудларга ташрифлар давомида тасдиқланган мажлис баёнларига асосан 800 та лойиҳага 940 млрд сўмлик кредитлар йўналтирилди. Чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун эса 592 та лойиҳага 793 млрд. сўмлик кредит маблағлари тақдим этилди. “Оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш дастурлари доирасида эса 150 мингдан ортиқ фуқарога 3,2 трлн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагини билдирган хотин-қизлар билан манзилли иш олиб борилди ва бу бугунги кунда ҳам айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.



