Дори-дармон бизнеси ҳақида мулоҳазалар
Денгизда чавоқ балиқ кўп. Уюм-уюм. Саноғи йўқ, бирон ўттиз-қирқ миллиони бирга сузиб юради. Бу балиқчаларни қувалаб, битта-яримтасини тутгани билан, наҳангнинг чап ичагига юқ ҳам бўлмайди. Шунинг учун акулалар тил бириктиради – тўпдай ғуж бўлиб сузиб юрган балиқ тўдасига ҳар томондан ёпирилади, балиқлар катта очилган ўпқондай оғизларга кириб кета беради, ана кейин, қорин тўйиб, юҳо нафс ҳам сал бўлса-да, ором олади.
(Телевизорда кўрганмиз).
* * *
Бу дунёда мен мутлақо соғман, аъзои баданимда ҳеч иллат йўқ, бақувватман, деган бирон валломат борми? Топа олмайсиз, овора бўлманг. Ҳеч бўлмаса, тиши оғрир, ё сочи тўкила бошлагандир? Қизиғи шундаки, одам қанча соғ бўлса, ўзини шунча эҳтиётлар экан – тинмай тиш ювиб, соч шампунлаб, бадантарбия қилиб… Қайси дорини нимага эм деб эшитса, дарров сотиб олиб, ғамлаб қўяди.
Энди бу – соғ кишилар, касалга чалинган ё сурункали беморларнинг ҳоли ўзингизга яхши аён. Шунинг учун, ҳар оилада бир чоғроқ аптека тўладиган дори-дармон йиғилиб қолган ҳозир.
(Буни айтмасам ҳам биласиз-а?)
* * *
Бола эдим. Биз томонларда бир табиб чиқди. Кимки шифоталаб бўлиб борса, даво топар эди. Замбилда олиб борилганлар юриб, ҳасса таяниб етиб олганлар югуриб қайтиб кетарди. Ўзи дўхтурдан чиққан бу зот беморларга кўкат қайнатиб тайёрланган дори берар эди, холос. Бошқа шифокорлар ҳайрон: оғир касаллар ҳам тузалиб кетяпти!
Бунинг сири бир тасодиф билан очилиб қолди. Дўхтур-табибнинг бефаҳм хотини таблеткадан бўшаган картон қутичаларни чиқитга қўшиб ташлаб юборган экан. Бир одам сарасоп солиб қараса, бари гормон! Собиқ дўхтур – сохта табиб гормон таблеткаларни талқон қилиб туйиб, «шифобахш гиёҳлар қайнатмаси»га қўшар экан. Гормон, албатта, кучли таъсир қилган, уни ичган беморлар дардини унутиб, ўзини соғлом сеза бошлаган, «барака топкур табиб»ни бошқаларга ҳам роса мақтаб, ошириб-тоширишган, ана кўринг – шифоталаблар дўхтур-табибнинг қишлоғидаги кўчаларга сиғмай кетарди.
Фош бўлиб, жавобгарликка тортилгач, ҳамма пешонасига шапатилаб қолди. Аммо кучли дозада гормон олган қанча беморнинг умри қисқарган ёки бир дарди ўн бўлган экан – ким билади?
(Сизлар томонда ҳам шунақа «табиб»лар чиққанми?)
* * *
Ҳа, айтмоқчи, гап наҳанглар ҳақида эди-я? Ҳамма ўзини эҳтиётлаб, соғлиғига қарай берса, наҳанг бечоралар нима қилсин? Шунча миллионлик балиқни ов қилишнинг ўзи бўладими? Нафс қурғур эса чукиллаб турган бўлса буёқда? Бирон чораси бордир, ахир? Хайриятки, топилди, топилганида ҳам ихтиро даражасида юзага чиқди: ҳар қандай касалга эм бўладиган, ҳатто инсультнинг олдини оладиган, ракни ҳам бартараф этадиган, песниям, моховниям тузатишга қодир, ҳар оқшом бир чимдимгинасини каппалаб еб олсангиз, умр йўлдошингиз ҳам мамнун бўладиган, хуллас, Луқмони Ҳакиму Ибн Синолар оғзини очиб қоладиган универсал дорилар кашф этилди. «Алҳадайя», «Қора седана ёғи», «Ҳаббатус сауда», шиллиққурт сўлагидан тайёрланган «Ҳеликс», «Ламифарен»… эҳ-ҳе, ҳар номларки, бир ажойиб!..
Яна, ҳар бирининг «премиум», «универсал», «оригинал» ва ҳоказо тур ва турчалари, гул ва ғунчалари бор, қутича-ю идишчаларини-ку, қўяберасиз!
(Кўзбойлоғичлик Шарқдан чиққан, деганлари рост, шекилли)
* * *
Энди… биласиз, шу йилларда қанча вазирликлар иккига ажратилди, яна аллақанчаси бирлаштирилди. Балки шунга бизнинг телерадиоканаллар аллақандай табобат муассасаларига ёр-ёр айтиб, узатиб юборилган бўлса, билмай қолдиммикин? Нега бўлмаса, уларнинг айтганини қилиб, деганини деб, остонасини супуриб, берган пулини шипириб юрибди? Бир кунда бир теле ё радиоканал қанча вақт реклама бериши мумкин – ундан ортиғи эса истеъмолчи ҳисобланмиш телетомошабин, радиотингловчининг ҳуқуқини суиистеъмол қилиш бўлади – андозаси борми бунинг?
Машинада кетиб борар эканман, дунёи боумид, зора бир ашула берса, деб радионинг олти каналини бир-бир улаб кўраман, ҳаммасида ҳам икки-уч дақиқалик тинғир-тинғир тугар-тугамас, «олий тоифали шифокор, нақ Германияда ўқиб, малака ошириб қайтган …бек …вич билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз», дея камида ярим соатлик дори рекламасига ўта қолишади.
Ажабки, ТВ, радиоларнинг «бошловчи-сухандон»лари «шифо воситалари»ни бурнимизга тиқиштиришда дўхтурлардан ҳам фаолроқ! Шундай гапиришадики, суҳбатга чақирилган «мутахассис» ҳам бир четда қолиб кетади, дикторчаларнинг ўзи «шифобахш дори воситаси»ни нақ бурнингиз тагига опкелиб қўйишади, оғиз очакўрманг, тиқворишади лекин!
Олис тоғдамисиз ё чет қишлоқда, фарқи йўқ, текин етказиб беришади, боз, ҳимматлари шу қадарки, иккитасини сотволсангиз, учинчиси бепул ҳадя қилинади. Нафақат бу, ҳатто, агар молини сотволиб, ичидан чиққан алламбало ёрлиғи рақамини жўнатсангиз, машинами-гўрми ютиб олишингиз мумкинлигигаям беш кетмадингизми? Ҳа, энди, ана шу реклама қилишлару, машҳур артистларни унга чорлаши, катта-кичик ютуқ опкебериб, «ҳалол»лигига сизни ҳам эл кўзида иқрор қилдириб, тўн кийиб, гапга тўн кийдириб кетиш харажатлари ҳам ана шу дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархига қўшилади – мол баҳоси таннархидан неча баравар юқорида; биз эса кўзбойлоғич авраётган соддадай анграйиб тураверамиз.
(Садағаси кетай, бозор иқтисодиёти деганлари шу бўлса!..)
* * *
Эл тинчлиги, осойишталигига хавф туғилса, Ички ишлар вазирлигига, Мудофаа вазирлигига умид кўзини тикамиз – хатарни улар бартараф этиши керак. Худди шу каби, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан халқ соғлиғини нишон қилиб, тобора бостириб келаётган ҳар турли ажнабий ва маҳаллий, қаланғи-қасанғи фирмаларнинг дори-дармон тарқатиши тиббий, илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри, буни текшириб, ҳар бир «дори» ҳақиқатан ҳам дармон бера оладими ёки бир алдов воситасими, ичида бояги гормон сингари вақтинча соғайтириб, сўнг тезгина йиқитадиган моддалар йўқми, булар тўғрисида расмий хулоса беришни талаб қилсак… ҳаққимиз бордир шунга? Бу воситалар ростан ҳам оғиз кўпиртиб мақталаётган минг хил ўсимликлардан олинганми ё сурати гиёҳ, таркиби эса химиянинг ўзгинасими – шуларни аниқлаб, бизга холис айтадиган бирон муассаса борми?
Албатта, ҳар ким ҳам яшагиси, соғ-омон юргиси, узоқроқ умр кўргиси келади. Бироқ ҳозир одамлар нима қилишни билмайди: дўхтурга борсинми, ё анов «шифобахш»ларнинг биронтасини от баҳосида сотволиб, ичаверсинми?
Гап кавласанг, гап чиқади, дейишади. Нега мана шунақа қўлбола дори-дармон кўпайиб кетди, улар қаёқдан пайдо бўляпти? Менга шу саволни берсангиз, уяммас, буяммас, бунга айнан соғлиқни сақлаш тизимидаги иллатлар сабаб, деб айтган бўлар эдим.
Илгари бирон жойингиз оғриса, дўхтурга борардингиз, у диагноз қўйиб, бир-икки дори ёзиб берарди, вассалом, кўрмагандай бўлиб кетардингиз. Ҳозир-чи? Шифокорга борсангиз, у бамисоли бир дев: даволамасидан аввал ҳақ тўлайсиз – ҳар бир клиникада «касса» деб ёзилган туйнукка салом бериб ўтмай илож йўқ. Ҳали бу дўхтур даволайдими ўзи – бу сизнинг муаммоингиз. Хўп, тўлаб ҳам кирдингиз, дейлик. Шикоятингизни тинглаб-тингламай, дўхтур бир неча варақни қоралаб ташлагач, «диагностика маркази»га йўлланма беради; ўзи ташхис қўйиб даволайдиган шифокорлар пенсияда, ундан ҳам нарида. Диагностика деган жойга илгари оғир касаллар юбориларди, энди эса тишингиз оғриса ҳам, ичингиз бураса ҳам бориб пул тўлаб келишингиз шарт. Диагностика эса – қонингизни сўрувчи ялмоғизнинг ўзгинаси (мендан ўтган йили бир сийдик топширишнинг ўзига 58 минг сўм олишди, буёғини шундан қиёс қилаверинг). Яна бояги дўхтурга келасиз, энди у касалингизга бир эмас, икки эмас, нақ саккиз хил дори, бир неча «осмаукол», яна бошқаларини ёзиб беради. Аптека – яна бир беомон махлуқ; унга борсангиз, нархни эшитиб, қон босимингиз ошади, арзимас бир хасталикни бартараф этишга пенсия пули етмай, яқинларингизга сарғаясиз – бир дардингиз ўн бўлади. Қарабсизки, «шифокор – диагностика – аптека» отли Бермуд учбурчагига тушиб қолибсиз… Шундан сўнг, баридан воз кечиб, минг хил нағма билан мақталаётган «ламифарен-алҳадая»ларни сотиб олиб, ичиб ўлтира бергингиз келиб қолади, ҳар ҳолда, улар рецепт сўрамайди, диагностикага юбормайди, бари иш ими-жимида-ку, ҳар ҳолда.
(Кийик сувдан чиқай деса, сиртлонлар пойлаб турибди, сув ичида эса тимсоҳ сузиб келяпти, шўрликнинг кўзи жавдирашини кўрсангиз!..)
* * *
Мол бозорга тушган киши жаллобдан нари юргиси, қўй оладими ё эчкими, уни аралаштирмай, ўзи харид қилгиси келади. Негаки, жаллоб ҳам, қаллоб ҳам бир гўр, уч сўмлик нарса беш сўмга тушади у аралашса. Мол эгасидан ҳам олади, сиздан ҳам «ширинкома» ундирмай қўймайди жаллоб.
Кейинги бир-икки йил ичида телевидение ҳам, радио ҳам бозор иқтисодиёти деб, худди Иван Васильевич сингари, касбини ўзгартирганига гувоҳ бўляпмиз – жаллоблик ҳам қўшимча даромад келтирадиган соҳага айлантирган: «дори» сотувчиларидан пул олади, сизу биздан эса вақтни (аслида, вақт ҳам – пул). Оқибат, ана шу қиммат-қиммат дориларни бир амаллаб сотиб олаверамиз, чунки «дўхтур – диагностика – дорихона» деган уч ДДДдан задамиз, аммо қочиб қаёққа ҳам борар эдик?..
Энди, дейман, бу радио… бу ТВ ходимлари ойлик олиб ишлашса керак? Дори сотувчилар реклама учун уларга ўтказаётган миллион-миллион сўмлар яна сизу бизнинг устимизга тушиб, дори қурғурнинг нархи осмонга кўтарилади. Устамон «доришунос»ларнинг элни талаб, ғорат қилишига кўмаклашиш эмасми бу? Бир ҳовуч ходимига қўшимча даромад деб, бутун халқни дори сотиб олишга кеча-ю кундуз ундар экан, улар ҳам сизнинг соғлиғингизга эмас, чўнтагингизга кўз тикиб турибди. Радио-ю ТВ ҳам кам – поездга чиқсангиз, сиз ўтирган жойнинг олди-ю ортида – чор атрофида ғиж-ғиж дори рекламаси кўзингизга урилади, санчилади – қочиб бўпсиз улардан!
Шоша-пиша реклама тайёрлаётганлару уни оммалаштираётган оммавий ахборот воситалари катталари бу дорисотарларни чиндан ҳам эл соғлиғи йўлида бел боғлаган жўмард кишилар деб ўйлашяптимикин ё? Невлай…
Реклама соҳасидаги бошбошдоқликни тийишга, жиловлашга кучи етадиган бирон маҳкама борми ўзи? Ё шаҳар бедарвозами уларга?
(Ов қилмоқнинг ҳадисини акуладан ўрганган наҳанг-паҳангларга салом!..)
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ



