Истиқболга йўналтирилган ислоҳотлар

66

Миллий Матбуот марказида “Транспорт вазирлиги томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб 1-чорак давомида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Транспорт вазирлигининг автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзметовнинг айтишича, 2022 йил биринчи чоракда ҳудудларда 90 дона янги автобус ва микроавтобуслар харид қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда 111 та транспорт воситаси харид қилинган ва режа 123 фоизга бажарилган. Тошкент шаҳри, Андижон, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 34 та автобус, қолган ҳудудларда 77 та янги микроавтобуслар харид қилиниб, йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилган. Ҳудудларда янги ва замонавий охирги тўхташ бекатларининг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши, жамоат транспорт тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг тасдиқланганлиги, транспорт воситаларида автоматлаштирилган тўлов тизимининг жорий этилиши каби янгиликлар транспорт тизимлари сифатини ошириш ҳамда аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилаётган ишларнинг амалий ифодасидир.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг 26 март куни “Uzbekistan airways” АЖ томонидан “Тошкент-Нукус-Мўйноқ” ҳамда “Мўйноқ-Нукус-Тошкент” йўналиши бўйича биринчи авиапарвоз амалга оширилганлиги, айни пайтда эса ушбу йўналиш бўйича ҳафтасига икки марта мунтазам авиақатновларни амалга ошириш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Россиянинг Azimut, I Fly, Alrosa, Smart avia компанияларига Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун “Ўзавиациа” агентлиги томонидан рухсатнома ҳам берилганлиги айтиб ўтилди. Халқаро авиаташувлар сонини ошириш мақсадида хорижий давлатларнинг авиакомпаниялари билан ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда.

Давлат дастурида белгиланган транспорт ва логистика хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан “Осиё Тинч океани давлатлари-Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон-Грузия-Европа” мультимодал транспорт коридорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида жорий йил 17 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон. Озарбайжон, Грузия ва Туркия темирйўли маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари ҳам ўтказилган. Муҳими, томонлар аввал тақдим этилган 70 фоизгача имтиёзларни 2022 йил учун қўллаш юзасидан келишиб олишган.

“Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўл тармоғини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш ва “Шимол-Жануб” йўналишида ташилаётган юкларни Ўзбекистон Республикаси ва Трансафғон коридори (“Термиз-Мозори Шариф-Қобул-Пешовар”) орқали мультимодал ташувларини ривожлантиришга оид лойиҳа ва учрашувларнинг амалга оширилаётганлиги ҳам транспорт тизимидаги жадал ислоҳотларнинг кўрсаткичларини ифодаламоқда.

“Ўзбекистон-Россия” ўртасидаги келишувга кўра “Агроэкспресс” агромаҳсулотларини ташишни “Яшил коридорлар” тузган ҳолда йўлга қўйиш, ўрнатилган тариф ставкаларини 65 фоизгача имтиёзлар 2022 йил якунига қадар тақдим этилиши кўзда тутилган.

Мулоқот якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари тегишли саволларига жавоб берилди.

Шаҳло Абдураҳмонова,

ishonch.uz