Фаровонлик ислоҳотлари

35

       Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа. Бозорларимизнинг файзу баракаси, ҳаётимизнинг фаровонлиги узвий шу соҳага боғлиқ. Шу боис кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта аҳамият берилмоқда.

Вазирлар Маҳкаммаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан бир қатор вазифа ва функцияларни амалга ошириб келмоқда.

Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида “Ўзагроинспекциянинг 2021 йилдаги фаолияти якунлари, соҳадаги ўзгаришлар таҳлили” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармасининг бошлиғи Абдурасул Тошматов, ташкилий назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи Жамшид Мирсаидов, пахта хом-ашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Камол Ахмедов, оммавий ахборот вакиллари ва мустақил журналист ҳамда блогерлар иштирок этишди.

– Ўтган 2021 йил давомида Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жами 161 минг 433 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 97 минг 487 та ҳолатда қонунбузилишлари аниқланди – дейди, ташкилий назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи Жамшид Мирсаидов.– Аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли идораларга 60 минг 878 та кўрсатма, 5 минг 996 та тақдимнома ва 133 минг 166 та огоҳнома киритилди. Текшириш натижалари бўйича ташкилот ва корхоналарнинг масъул мансабдор шахсларига нисбатан 30 минг 51 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, 5 млрд.628 млн.сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. 5 минг 127 та материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун судларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Таъкидлаш жоизки, айни дамда инспекция Агросаноатда Қишлоқ хўжалиги уруғларини етиштиришни назорат қилиш, агротехник тадбирлар ўтказилишини, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни, техникалар ҳолатини назорат қилиш ва чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш йўналишларида республикамизда 3 минг нафарга яқин инспекторлари фаолият олиб бормоқдалар.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,

“ISHONCH”