Сўнгги йилларда павловния дарахтини етиштиришга қизиқиш ортмоқда. Жуда тез ўсадиган мазкур дарахт ўзининг кўркам манзараси билан истироҳат боғлари ва хиёбонларни безаши баробарида, қимматли ёғоч сифатида қурилиш саноатида ҳам ишлатилади.
Маълумотларга кўра, бу дарахтнинг тур ва навлари кўп. Аммо бизнинг мамлакатимиз иқлим шароитига асосан «Каталпа», «Элонгата», «Фаргес» каби турлари тез мослашади.
Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги «Бекзод Беҳруз Оллоберган» оилавий корхонаси 2 гектар ерда павловния дарахти етиштирмоқда ҳамда гулчилик хўжалигини ташкил қилмоқда. Кооперация асосида ишлаётган корхона раҳбари Баҳодир Самиевнинг айтишича, 30 минг туп павловния кўчатини етиштириш учун ерга уруғ қадалган, уруғлар кўчат ҳолига келгунича парваришлаш учун 20 нафар ишчи жалб қилинган. Кўчатларнинг асосий қисми хўжаликда парваришланади. Бир қисми ишчиларга кўчат етиштириш учун берилади. Бир йилдан сўнг кооператор улардан кўчатни қайта сотиб олади.
– Павловния ўстириш катта машаққат талаб қилмайди, – дейди корхона раҳбари. – Ҳар қандай ноқулай об-ҳаво шароитига чидамли бу кўчатни етиштириш учун асосан суғоришга эътибор қаратиш лозим. Яъни, дарахтнинг яхши ўсиши учун сувли жой бўлиши, тупроқ доим нам бўлиб туриши керак. Сув бўлмаса, павловния қуриб қолмайди, лекин яхши ривожланмайди. Бу дарахт тез ўсувчан бўлгани сабабли бир йилда 5 метргача бўй чўзиши мумкин.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, хўжаликда гулчиликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 1 гектар ерда 50 минг туп хризантема, астромерия, атиргул етиштиришга киришилган бўлса, бу йил улар қаторига астра ва гвоздика гуллари қўшилади. Наманганлик ҳамкорлардан 2000 туп хонаки гулларга буюртма берилган. Мавсум бошланиши билан Ромитан туманининг «Тарнаут» маҳалласидаги «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга кооперация усулида етиштиришлари учун хонаки гуллар тарқатиб берилади.
– Гул етиштириш таклифини билдирганимизда маҳалланинг кўплаб хотин-қизлари қизиқиш билдирди, аммо аксариятининг бу борада малакаси йўқ, – дейди Б.Самиев. – Шуни инобатга олиб, корхона ҳудудида ўқув маркази ташкил этяпмиз. Марказ биноси қуриб битказилди. Биз билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган хотин-қизларни бепул ўқув машғулотларига таклиф этамиз. Гулларни таваккалига бериб юборгандан кўра, аввал уларнинг парвариши бўйича ишчиларнинг билимларини оширсак, натижаси тезроқ кўзга ташланади. Қолаверса, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Павловния ва гулчилик лойиҳасининг умумий қиймати 1 миллиард сўм. Бу сармоянинг 600 миллиони «Микрокредитбанк»нинг Бухоро вилояти филиали кредит маблағлари ҳисобидан қопланади. Тадбиркор павловниядан 600 миллион, гулчиликдан йилига 300 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда.
Қимматбаҳо ва сердаромад павловния плантацияларини кўпайтириш борасидаги кооперацион лойиҳалар ҳудудлар аҳолиси бандлигини таъминлашга, қолаверса, арзон ва сифатли ёғочлар кўпайишига хизмат қилади.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»



