Шодлик улашиш бахти

128

    Яккабоғ “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйида 130 киши истиқомат қилади. Сўнгги вақтларда интернат уйида қатор маънавий-маърифий, маданий-кўнгилочар тадбирлар, дилбар учрашувлар ўтмоқдаки, бу яшовчиларга манзур бўлаётир.

Ўтган йили давлат томонидан интернат уйига автобус совға қилингани сайру-саёҳатлар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Яшовчилар вақти-вақти билан Самарқанд, Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларидаги диққатга сазовор қадамжоларни зиёрат қилиб келишяпти.

Яқинда эса “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори раҳбарлигида бир гуруҳ актёр ва актрисалар “Саховат” уйига ташриф буюрди. Бу ерда “Кино карвон” тадбири ташкил қилинди.  Шу куни санъат усталари ижро этган монологлар, қўшиқлар, турли образлар талқини кексалар ва ногиронларда катта таассурот қолдирди. Тадбир давомида “Ўзбеккино” раҳбари Ф. Абдиҳолиқов интернат уйи директори В.Арзиқуловга ўзбек кино санъати асарлари ҳақида маълумотларни ўзида жамлаган “Энг сара фильмлар 100 талиги” олтин тўпламини, дурдона китобни совға қилди.

Бундан ташқари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева бошчилигида бир гуруҳ давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам Яккабоғда бўлишиб, интернат уйи яшовчилари билан учрашишди. Самимий суҳбатлар, дилбар гурунглар, беғараз фикр алмашувлар руҳида ўтган учрашув асносида яшовчиларга совға-саломлар улашилди.

Маърифий тадбирда Қарши давлат универститети хотин-қизлар маслаҳат кенгаши аъзолари ҳам фаол қатнашди. Мазкур олий ўқув юртидан келган талабалар ўзлари тайёрлаган лапар ва қўшиқлари билан йиғилганларга хушнудлик улашди.

Бундан ташқари, шу йилнинг апрель-май ойларида 10 нафар интернат уйида яшовчи фуқаро “Қашқадарё соҳили санаторийси”да имтиёзли ҳордиқ чиқарди. Мухтасар айтганда, Президентимиз раҳнамолигида кексалар ва ногиронларни эъзозлаш, уларнинг розилигини олиш йўлида чин маънода саъй-ҳаракатлар қилинаётир.

                                                                        

  Акмал АБДИЕВ,           

     “ISHONCH”