ёхуд Лалмиобод қачон обод бўлади?
Қамаши тумани «Манғит» маҳалласидаги Лалмиобод кўчасида яшовчи аҳоли билан учрашар эканмиз, сувнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёслиги, у билан одамзоднинг ҳаёти файзли, хонадони обод бўлиши, шу боис бу бебаҳо неъматни тежаш зарурлигини яна бир бор англадик.
Гап шундаки, аксарият манғитликлар нафақат ичимлик сувни, балки ювиниш, чайиш, мол-ҳол, ҳатто дарахтларни суғориш учун зарур обиҳаётни ҳам сотиб олишади. Қурби етгани қудуқ кавлатиб, гарчи шўр сув бўлса-да, ҳовлисини яшнатиб қўйибди. Лекин Лалмиободда асосан ёш оилалар яшашини ҳисобга олсак, 15 миллион сўмга «кран» қаздира олмаётганлар ҳам кўплиги маълум бўлади.
– Бир гуруҳ аёллар туман ҳокимлигига бориб, кўчамизни текислаш ва тош тўкишда ёрдам сўрадик, – дейди Нилуфар Сатторова. – Негаки, қишда лойгарчилик ва кўлмаклардан, ёзда чанг ва тупроқдан жуда қийналяпмиз. Аммо йил яримлаб қолган бўлса-да, кўчани «грейдерлаш» ва тош тўкиш ортга суриляпти. Ахир, қишлоқнинг бошқа кўчаларини созлаб беришди-ку, нега бизнинг кўчага келганда пайсалга солишади? Кўчамизга баъзи одамлар «Қўтиркўча» деб ном қўйиб олишибди. Текислаб, тош тўкиб беришса, ёнилғи харажатини ҳам йиғиб берардик.
– «Мақсадли бюджет» деган янги тартиб жорий этилибди, – дейди шу маҳаллада яшовчи Гулбаҳор Раҳимова. – Бунинг учун «лайк» босишимиз зарур экан. Давлат солиқларини тўлаб қўйишимиз шарт экан. Масъуллар шундай дейишди. Ишондик, солиқларни тўладик, аммо «лайк босиш»ни тушунмадик. Туман ҳокимлигига бордик, маҳаллага бордик, аммо янги тартибни ўргатадиган, тушунтирадиган, бизни ортидан етаклайдиган одам топилмади…
Лалмиобод кўчаларидан юрсангиз, икки хил манзарага гувоҳ бўласиз. Қишлоқнинг ярмига бетон устунлар ўрнатилиб, ёпиқ кабелли симлар тортилган. Улардан фойдаланаётган аҳоли электр таъминоти яхшиланганидан хурсанд.
– Икки йил бўлди, эски симёғочларни бетон устунларга алмаштириб, кабель тортиб беришди. Бепул электр ҳисоблагичлар ўрнатиб кетишди. Ҳозир чироқларимиз чароғон ёнаяпти. Эътирозимиз йўқ, – дейди Юсуф Ғаниев.
Қишлоқнинг иккинчи ярмида эса ҳамон қийшиқ ёғоч «столбалар». Ўтган йили олиб келиб, ўрнатилган янги трансформатор пунктига ҳам сим тортилмаган. Қишлоқ одамлари Қамаши тумани электр таъминоти корхонасига бошланган ишни ниҳоялаб беришни сўраб, кўп бор мурожаат қилса-да, кўчага бетон устунлар ўрнатиб, кабель тортиш, янги трансформаторни ишга тушириш ортга сурилмоқда.
Хулоса шуки, Лалмиобод ободлашиши, қишлоқ одамлари давлатдан рози бўлиши, эртанги кунга янгича умид ва ишонч билан қараши учун қатор ишлар қилинмоқда. Аммо чала қолган ишлар ҳам бор экан. Бизнингча, Президентимиз ҳар битта одамнинг ҳаётига фаровонлик олиб кириш сиёсатини илгари сураётган бир пайтда юқоридаги каби кўринишидан майда-чуйда, аммо одамлар ҳаётига бевосита дахлдор муаммолар давлат идоралари томонидан ҳеч қандай важ-баҳоналарсиз зудлик билан ҳал этилмоғи лозим. Чунки бу муаммолар, баъзи ачинарли манзаралар ортида инсон қадри, инсон тақдири, энг асосийси, давлат ташкилотларига қилинган инсон мурожаати турганини унутмайлик!
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»



