Умид уйғотган оқшом

49

Шу йил 11 июнь куни футбол мухлислари учун ҳам кутилган, ҳам кутилмаган байрам бўлди.

Кутилгани шуки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогининг финал босқичига чиқиш учун Мальдив ороллари жамоасини қабул қилди ва йирик ҳисобда (4:0) ғалаба қозонди.
Кутилмагани эса… Яқин орада бунақа футбол кўрмагандим, кўрмагандик…

Маълумки, мамлакатимиз ёшлар ўртасидаги (U-23) Осиё кубогига мезбонлик қилмоқда. Ўз гуруҳида 7 очко билан биринчи ўринни эгаллаган футболчиларимиз чорак финалда Ироқ жамоасига рўбарў келди. «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов рақиб жамоа футболчисини тирсаги билан «сийлагани» учун майдондан четлатилди. Камига, ҳакам 11 метрлик жарима тўпи ҳам белгилади. Ҳисоб очилди: 0-1.
Шундан сўнг, футбол мухлислари ўйинни «юракни қўлга олиб», яъни хавотир ва ҳадик билан кузатишди. Хайриятки, футболчиларимиз майдонда бир ўйинчи кам бўлишса-да, довдираб қолишмади. Кетма-кет ҳужумлар уюштиришди. Ва биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Жасур Жалолиддинов пенальтидан ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам ҳужумкорликни сусайтирмаган футболчиларимиз мақсадга эришишди. 50-дақиқада стадион ларзага келди. Ўнг қанотдан оширилган тўпни ироқлик футболчи қайтараман деб, ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Афсуски, 68-дақиқада ироқлик футболчилар ҳисобни тенглаштиришди: 2-2.
Бу ҳисоб 15 дақиқалик қўшимча бўлимларда ҳам ўзгармади. Сўнг пенальтилар серияси…
Бешинчи зарбани тепишга ҳам ҳожат қолмаган бу «лоторея»да футболчиларимиз 3-2 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Шу ўйинни кузатиб, шундай хулосага келдим. Агар рақиб жамоани тўлиқ таркиб билан ютганимизда, ғалаба бунчалик татимасди! Тўғри, дарвозабон жамоамизни қийин аҳволга солиб қўйганди, лекин йигитлар майдонда юрт ва миллат шаъни учун борини беришди. Улар қўшиб берилган дақиқалар ва қўшимча бўлимларни ҳисоблаганда, салкам икки соат мобайнида нималарга қодир эканликларини намойиш этишди.
Одатда, бир киши кам бўлиб ўйнаётган жамоа ҳимояга «ётволиб», пенальтилар серия­сигача боришга ҳаракат қилади. Бизникилар нима қилди? Сўнгги дақиқаларда майдонга иккита ҳужумчи туширилди. Бу нима? Бу – ўзига бўлган ишонч! Бу – ҳаммасини ўйинда ҳал қиламиз дегани!
Очиғини айтганда, ёш футболчиларимиз халқаро майдонларда илгари ҳам ўзларини кўрсатишган, аммо кейинчалик «йўқолиб» кетишган. Умид қиламизки, бу авлод кейинчалик ҳам бизга бир олам футбол байрамларини ҳадя этишиб, ишончни оқлашади, ўзларини эса дунёга танитишади. Дунёни тан олдиришади.
P.S. Афсуски, эртага японларга қарши ярим финал ­ўйинида мухлислар майдонга ­қўйилмайди. Агар майдонга (майдондан олинган) майда ­тошлар отилмаганида эди…

Алижон Абдураҳмонов,
«ISHONCH»