Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси – Федерация раиси ўринбосари, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори Сайфулла АҲМЕДОВ билан суҳбат
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бир неча поғона юқорига кўтарилди. Буни юртимизда турли касб ва йўналишлар бўйича ташкил этилаётган янги олий ўқув юртлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг очилиши ҳам том маънода тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси – Федерация раиси ўринбосари, академия ректори Сайфулла АҲМЕДОВ билан ушбу илм даргоҳи, унинг бугуни ва истиқболдаги режалари ҳақида суҳбатлашди.
– Сайфулла Норматович, аввало, янги академияга раҳбар этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Энди айтинг-чи, бу олий таълим муассасаси ташкил этилишига нечоғли зарурат ва талаб бор эди?
– Табрик учун раҳмат! Ўзингизга маълумки, ҳозир юртимизда барча соҳалар бўйича жиддий ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги бу саъй-ҳаракатлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам тан олинмоқда. «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни санаб, саноғига етиш қийин. Айнан шундай интилишлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Чунончи, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Натижада ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ҳуқуқий ваколат ва имкониятлар кенгайиб, меҳнатга муносабат тубдан ўзгарди.
2020 йилда эса 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни деб белгиланди. Бу соҳа ходимларини қувонтириш билан бир қаторда, уларнинг зиммасига улкан вазифалар юклади. Шунга кўра, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясини ташкил этишга эҳтиёж туғилди.
Аслида бу ҳақдаги ғоя Президентимиз икки йил муқаддам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг саккизинчи қурултойи иштирокчиларига йўллаган табрикда илгари сурилганди. Унда республикамизда меҳнат муносабатларини тубдан ислоҳ қилиш, фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, бандлик муаммосини ҳал этиш каби қатор масалалар тўғрисида сўз юритилганди. Хусусан, мазкур тизим учун замонавий билим ва малакага эга, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрлар тайёрлайдиган Касаба уюшмалари академиясини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи билдирилганди. Бултур 23 августда эса давлатимиз раҳбари бу хусусдаги алоҳида қарорга имзо чекди.
Мана, бугун ўша эзгу ниятлар ижобат топганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Асосий мақсад-вазифалари халқаро ва миллий меҳнат стандартлари, меҳнат ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари, меҳнат тиббиёти, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муҳофазаси йўналишлари бўйича олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлашдан ҳамда илмий-тадқиқотлар олиб боришдан иборат бўлган янги академия айни кезларда ўз фаолиятини бошлади. Ҳозир унга 2022-2023 ўқув йили учун талабалар қабул қилинмоқда.
– Билимли ва малакали кадрлар тайёрлаш кўп жиҳатдан педагогик жамоанинг илмий салоҳияти қай даражада эканига боғлиқ. Шундай экан, академияга профессор-ўқитувчилар қандай талаб ва мезонлар асосида ишга олинмоқда?
– Улар танлов асосида ишга қабул қилинди ва қилинмоқда. Олий ва амалий математика, физика, кимё, ишлаб чиқаришда компьютер технологиялари, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли билан ишлаш, инсон ресурсларини бошқариш тарихи ва хорижий тажриба, менежмент ва маркетинг, мутахассисликка кириш каби ўттиздан зиёд фанлар бўйича талабгорлардан зарур ҳужжатлар қабул қилиниб, танлов ўтказилмоқда. Бунинг учун зарур ҳужжатлар 2022 йил 25 июлгача қабул қилинади. Улар онлайн тарзда, яъни академиянинг https://atso.mdg.uz сайти орқали ҳам олиниб, талабгорлар рўйхати шакллантирилмоқда.
Суҳбатдан сўнг профессор-ўқитувчиларни танлаш махсус танлов комиссияси хулосасига биноан амалга оширилмоқда. Бунда номзодларнинг мутахассислик бўйича педагогик иш стажи, илмий-методик ютуқлари ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдалана олиш қобилиятлари ҳам инобатга олинмоқда.
– 2022-2023 ўқув йилида академияда қанча талаба ва қандай йўналишлар бўйича таҳсил олади?
– Бу йил жами 190 нафар талаба ўқишга киради. Улар меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги, инсон ресурсларини бошқариш, ижтимоий иш, психология, менежмент ва юриспруденция йўналишлари бўйича ўқийдилар. Сабоқ ва машғулотлар замонавий технологиялар билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказилади. Шунингдек, академиядаги электрон кутубхона, физика ва кимё фанлари бўйича лабораториялар, спорт мажмуаси ҳамда ошхона талабалар ихтиёрида бўлади. Таълим жараёнини автоматлаштириш бўйича «Платформа» мажмуаси ҳам жорий этилган.
Бундан ташқари, ўқув биноси ва кутубхонада Wi-Fi мавжуд бўлиб, талабалар электрон кутубхонадан масофадан туриб фойдаланишлари, асосий машғулотлардан сўнг махсус хоналар ва лабораторияларда алоҳида фанлар бўйича мустақил шуғулланишлари ҳам мумкин.
– Маълумки, таълимда халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Бу борада академияда қандай ишлар режалаштирилмоқда?
– Педагогик жамоамизнинг энг муҳим вазифаларидан бири меҳнат соҳаси бўйича халқаро даражадаги кадрларни тайёрлашдан иборат. Бу эзгу мақсадимиз рўёбга чиқишида эса хорижлик ҳамкасблар билан алоқа ўрнатиб, тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ҳозир чет эллардаги бир нечта нуфузли олий таълим муассасаси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб боряпмиз. Жумладан, яқин орада Беларусдаги МИТСО университети билан айни йўналишдаги меморандум имзоланади.
– Янги академиянинг биринчи ректори бўлиш зиммангизга қандай масъулият юклади?
– Ўзига билдирилган ишонч, аввало, ҳар қандай кишига ғурур ва ифтихор бағишлайди. Айни чоғда, унинг гарданидаги масъулиятни янада кучайтиради. Мен буни ҳар томонлама теран англаган ҳолда фаолият юритяпман.
Табиийки, ҳали бажаришимиз шарт бўлган ишлар кўп. Уларнинг беками кўст адо этилиши академиянинг салоҳиятли ва аҳил жамоаси саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Биз шуларни назарда тутган ҳолда, бамаслаҳат ва баҳамжиҳатликда иш юритамиз. Келгусида Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси шу соҳадаги муаммоларни ҳал этишда илмий-амалий локомотив вазифасини бажарадиган таянч олий таълим муассасасига айланиши учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси Васийлик кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов ва бошқа масъул шахсларнинг бизга билдирган юксак ишончларини оқлашга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, академиямиз самарали фаолият юритишида доимий ҳамкоримиз – «Ishonch» газетаси таҳририяти жамоасининг ҳам ўз ўрни ва сўзи бўлади, деган умиддамиз.
Суҳбатдош:
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири



