Дунё миқёсида рўй берган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқирозлар, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар юзага келган мураккаб бир вазиятда мард, танти ва олижаноб халқимиз ўзининг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга танитиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритмоқда. Бу ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани, ҳамюртларимизнинг онг-тафаккури, дунёқараши ўзгариб, ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётгани Президентимиз имзолаган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарорда ҳам алоҳида таъкидланган.
Ўтган давр мобайнида халқимиз ўз тақдирининг ҳақиқий эгасига айланиб ва қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятига эга бўлди. Ўз навбатида, ҳар бир одам иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши учун мустаҳкам замин яратилди. Кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримиз қайта тикланди. Меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик сингари олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин эгаллади.
Энг муҳими, Истиқлол шарофати ўлароқ, биз ўзлигимизни англадик, озод халқ ва мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намойиш эта бошладик. Эндиликда халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрат-шижоати ила Ватанимиз шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимизни – эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан сидқидилдан бунёд этмоқдамиз.
Албатта. «мустақиллик» ва «ислоҳот» сўзларига муштарак тушунчалар сифатида қарашимиз табиий. Чунки фақат мустақил давлат ва эркин жамиятдагина ислоҳотларни самарали амалга ошириш мумкин. Мустақиллик ҳам, ислоҳотлар ҳам инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун шарт-шароит яратди.
Юртимизда мустақиллик йиллари изчил давом эттирилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди. Жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити янада яхшиланиб, қонун устуворлиги, инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётганини ҳар томонлама ҳисобга олишни, шу асосда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатларда ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни амалиётга татбиқ қилишни тақозо этмоқда.
Иқтисодиётнинг очиқлигини ва рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизациялаш ва фаол диверсификациялаш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоялаш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризмни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш учун иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш зарур.
Мамлакатимизда Мустақиллик байрамига бағишланган маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашишлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, улар аниқ режа асосида фаолият олиб боришлари йўлга қўйилди.
Жойларда қутлуғ айёмни юқори савияда нишонлаш учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда:
– сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш;
– мамлакатда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш;
– бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
– аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларнинг ижобий натижаларини кўрсатиш;
– байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.
Айнан миллий мустақиллик жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш учун мустаҳкам замин ҳозирлаш, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг август ойи бошқа жабҳалар қатори спорт йўналишида ҳам ёрқин из қолдирмоқда. Негаки, 180 нафарга яқин ўсмирларимиз Владивостокдаги «Осиё болалари» ўйинларида, «ақл гимнастикачи»ларимиз Ҳиндистонда бўлган 44-шахмат олимпиадасида, дзюдочиларимиз Қозоғистондаги қитъа чемпионатида, таэквондочиларимиз Болгарияда ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида, матонат соҳиблари Канадада пара каноэ бўйича жаҳон биринчилигида, бошқа вакилларимиз АҚШ, Россия, Туркиядаги от спорти ва профессионал бокс мусобақаларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Ўтган ҳафтадаги нуфузли халқаро беллашувларда спортчиларимиз 100 тага яқин олтин, кумуш ва бронза медаллар соҳибига айландилар. Бу ғалабаларнинг туб негизида барчамиз учун энг азиз, энг улуғ неъмат – Ватанимиз мустақиллиги мужассам. Зеро, Истиқлол пойдеворини мустаҳкамлаш, янги марраларни забт этиш борасидаги ислоҳотлар турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизнинг асосий манбаи саналади.
Маълумки, турли байрамлар ва қутлуғ саналар арафасида халқимизга хос саховатпешалик, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сингари инсоний фазилатлар яққол намоён бўлмоқда. Мустақилликнинг ўттиз бир йиллиги тантаналарига тайёргарлик доирасидаги савобли ва хайрли тадбирлар ҳам бундан мустасно эмас. Қутлуғ айём шукуҳи маҳаллалардаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамюртларимиз қалбига ҳам шоду хуррамлик бағишлаши ўз-ўзидан аён.
Байрам муносабати билан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тармоғига қарашли «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ, «Аммофос-Максам», «Деҳқонобод калий заводи», «Фарғонаазот», «Навоийазот», «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамиятлари ва бошқа корхоналарда «Заковат» интеллектуал ўйинлари уюштирилмоқда. Ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида спорт мусобақалари, шунингдек, китобхон танловлари, тарғибот тадбирлари ўтказилиб, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саёҳатларга олиб борилмоқда.
Мустақиллик – энг буюк неъмат! Модомики, шундай экан, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилиш ва яшаш бизнинг олий мақсадимиздир!
Мавжуда ХАЛИЛОВА,
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси



