Вазирлик ва идораларнинг қисқариши бюджетдан қанча маблағ тежаши айтилди

63

Вазирликларни қисқартириш ҳисобига давлат бюджетидан 2,8 трлн сўм маблағ тежалади. Бу ҳақда Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Молия вазири ўринбосари Ойбек Исоқов маълум қилди.

Исоқовга кўра, дастлабки ҳисоб китобларда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш орқали давлат ғазнасидан 2,8 млрд пул тежалиши кутилмоқда. Тежалган пуллар эса ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилади.
“Вазирлик ва идоралар штат бирлигининг 30 фоизгача қисқартириш ҳисобига бир йилда 2,4 трл сўм, ташкилот ва идораларни мақбуллаштириш ҳисобига бўшайдиган идораларни сотишдан 300 млрд сўм, раҳбар лавозимларини қисқартириш орқали бўшаётган тахминан 55 та автомобилларни аукционда сотиш ҳисобига 16 млрд сўм тежалиши кутилмоқда”, – дейди вазир ўринбосари.

Шунингдек, ҳудудларга хизмат сафарларини қисқартириш, жойлардаги муаммоларни онлайн қабул ёки виртуал ташриф каби замонавий технологиядан фойдаланиш орқали қарийб 17 млрд сўм, давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига 22 млрда сўм ҳамда расмий тадбирларни ўтказиш бўйича харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 18 млрд сўм тежалиши айтилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилнинг 1 январидан тугатилаётган ва бирлаштирилаётган вазирлик ва идоралар ҳақида маълумот берилган эди.