ВАЗИРЛИК ТАРКИБИГА ЎТАЁТГАН ТЕЛЕКАНАЛ унинг ҳозирги ранг-баранглиги сақлаб қолинадими?

111

Ўзининг долзарб мавзулардаги салмоқли ва қизиқарли кўрсатувлари билан халқимиз кўнглидан жой олган «Маданият ва маърифат» телеканалининг мухлислари кўпчиликни ташкил этади.

Қайд этилишича, МТРК таркибидаги ушбу телеканал эндиликда Маданият ва туризм вазирлиги таркибига ўтказилиши мумкин.

Project.gov.uz порталида телеканални “Карвон” телеканалига айлантириш ва уни Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтказиш лойиҳаси эълон қилинган.

Хўш, ушбу телеканал вазирлик таркибига ўтгач, ҳозирги турфа хиллиги сақлаб қолинадими? У асосан туризм ва вазирлик тадбирларининг тарғиботчисига айланиб қолмайдими?

Биз ушбу савол билан вазирлик матбуот хизмати масъул ходимига мурожаат қилдик. У бу ҳозирча лойиҳа бўлиб, ҳали тасдиқланмаганини, шу боис мутасаддилар бу борада ҳеч нима дея олмасликларини билдирди. Шунингдек, ўзгаришдан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг туризм ва маданий салоҳиятини кенг тарғиб қилишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Қарор лойиҳасига кўра, Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтадиган телеканал МТРК моддий-техник базасидан фойдаланиш имкониятини ўзида тўлиқ сақлаб қолар экан.

Лойиҳа тасдиқланиб, телеканал вазирлик таркибига ўтса, унинг мавқеи янада ошадими ёки аксинча бўладими – буни энди вақт кўрсатади.

Ўз навбатида, бир савол: МТРК таркибида туризмни тарғиб қилишга мўлжалланган “Дунё бўйлаб” телеканали бор. Маданият ва спорт вазирлиги таркибига аслида уни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмасми?