Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Избоскан тумани кенгаши раиси Акбаржон Аҳмадалиев бошчилигида гуруҳ 100 ёшни қаршилаган избосканлик Адашали ота Умрзақов хонадонида бўлди.
Отахон Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, 1946 йилда уйига қайтгач узоқ йиллар турли лавозимларда сидқидилдан ишлайди. 50 гектар адирликда боғ барпо этади.
Касаба уюшмалари ташкилотларининг масъул ходимлари Адашали ота сингари вилоятда яшовчи 6 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, 34 нафар меҳнат фронти фахрийсининг ҳолидан хабар олиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишди. Улар қаторида мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган 5 нафар ҳарбий хизматчи ва 7 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими оилалари ҳолидан ҳам хабар олди.
214 нафар уруш ва меҳнат фронти иштирокчилари, меҳнат фахрийлари ҳамда ишлаётган пенсионерларнинг Андижон шаҳридаги “Боғи Бобур”, Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота”, Хўжаобод туманидаги “Имом ота”, Балиқчи туманидаги “Уч булоқ” ва Булоқбоши туманидаги “Ширмонбулоқ” зиёратгоҳлари ҳамда водий вилоятлари марказлари ва Қўқон шаҳрининг тарихий жойларига саёҳати ташкил этилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда “Фахрийлар кенгаши”нинг аъзолари бўлган меҳнат фахрийларининг хонадонларига бориб, ҳолидан хабар олинди, улар иштирокида ёш ходимлар билан учрашувлар ташкил этилди.
Шунингдек, байрам кунлари 28 та корхона, 64 та муассасада ишловчи 1 минг 622 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари учун Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Қуролли Кучлар давлат музейларига зиёратлари уюштирилди.
Анваржон ҲАЛИМОВ,
“ISHONCH”



