«Ватанни севмоқ иймондандир»иншолар танлови қатнашчилари белгиланган дастурга биноан Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ушбу иншоот Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда. Бино узунлиги 161 метрни, эни эса 118 метрни ташкил этиб, уч қаватдан иборат бўлади. Марказидаги гумбаз баландлиги 67 метрни ташкил этади. Бино 1,8 гектар майдонда барпо этилиб, жами фойдаланиш ҳудуди 42,0 минг кв.метрни ташкил этади.
Марказ биноси ўрта асрлар Марказий Осиё меъморлиги услубида лойиҳалаштирилган бўлиб, тўрт томонида илмга тарғиб қилувчи, бағрикенглик ва инсонпарварлик мазмунидаги оят ва ҳадислардан иборат хаттотлик ёзувлари билан безатилган порталларга эга.
Марказ биносининг биринчи қавати реставрация ва электрон нусха олиш лабораторияси, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмаларни сақлаш фондлари, 200 ўринли замонавий кафетерий, музей вестибюллардан иборат бўлади.
Иккинчи қаватда мазмуни ва экспонатлар хилма-хиллиги нуқтаи назаридан бетакрор, мавзу йўналишлари бўйича шакллантирилган, энг замонавий технологиялар асосида намойиш этиладиган, ислом оламининг бебаҳо меросидан намуналар турли ноёб экспонатларни ўз ичига олган, қарийб 8350 кв.метрлик кўргазма залига эга Ислом цивилизацияси тарихи музейи жойлашади. Шунингдек, 550 ўринга мўлжалланган анжуманлар зали ҳам ўрин олади.
Учинчи қаватда ислом тамаддунига оид 100 мингга яқин қадимий қўлёзма ва тошбосма манбаларни қамраб олган, шунингдек, барча турдаги замонавий даврий нашр манбаларига эга бўлган 224 ўринли кутубхона жойлашади. Бу қаватдан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Марказ маъмурияти ҳам жой олади.
Концепцияга кўра, музей марказида Қуръони Карим бўлими жойлашади. Саккиз қиррали залнинг диаметри 45 метр, умумий ҳудуди 1650 кв.метрни ташкил этади. Ўртада, 55 метрли гумбаз остида бутун ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон Мусҳафи ўрин олади. Залнинг тўрт томонидаги витриналарда ўрта асрлар Мовароуннаҳр китобат ва хаттотлик санъатига оид энг ноёб намуналар – Қуръони Каримнинг Марказ фондида сақланаётган 28 қўлёзмаси намойиш этилади.
Қуръони Карим зали атрофида Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё, Марказий Осиёда исломнинг ёйилиши, Таълим, Илм-фан, Меъморлик ва шаҳарсозлик, Санъат ва бадиий ҳунармандлик, Анъаналар, Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон бўлимлари ўрин олган.



